Жаҳон | 07:10 / 18.11.2022
9251
4 дақиқада ўқилади

MH17 иши бўйича уч айбланувчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Ҳаага суди MH17 бўйича қарор чиқарди. Уч нафар айбланувчи, жумладан, «ДХР»нинг собиқ етакчиларидан бири Игор Гиркин айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди, полковник Олег Пўлатов оқланди.

Фото: Reuters

17 ноябрь, пайшанба куни Ҳаага округ суди Украина фуқароси ва икки россияликни 2014 йил июлида Донбасс осмонида ракета билан уриб туширилган Малайзия авиакомпаниясининг Boeing 777 йўловчи самолёти ҳалокатида айбдор деб топди. Уларнинг барчаси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Айбланувчилар орасида ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» собиқ «мудофаа вазири» Игор Гиркин (Стрелков), генерал-майор Сергей Дубинский (Хмурий лақабли), полковник Олег Пўлатов (Гюрза) ва Украина фуқароси Леонид Харченко (Крот) бор эди. Гиркин, Харченко ва Дубинскийнинг айби исботланган деб топилди. Агар қўлга олинса, улар қамоққа тушишади. Судланувчи Пўлатовга қўйилган айбловлар олиб ташланди.

Суд томонидан кўриб чиқилган тергов хулосаларига кўра, тўрталаси ҳам Россиядан жиноят қуроли - «Бук» зенит-ракета мажмуасининг (ЗРМ) келишига ҳисса қўшган ва унинг ҳаракатларини мувофиқлаштирган, оқибатида улар «298 кишининг ўлдирилишида асосий ролга эга». Судланувчилар ҳукмда иштирок этмаган.

Шунингдек, суд МН17 рейси Первомайский қишлоғи яқинидаги даладан отилган Россиянинг «Бук» ракетаси билан уриб туширилганини исботлаган. Донбассдаги можаро халқаро деб эътироф этилган ва ўша пайтда Россия «ДХР» устидан универсал назоратга эга эди, дея хабар беради DW мухбирлари Ҳаагадан. Шу билан бирга, айбланувчилар Гиркин, Дубинский, Харченко ва Пўлатовлар комбатантлар иммунитетидан фойдалана олмайди, чунки Россия унинг «ДХР» устидан назоратини тан олмади ва уларнинг ўзлари РФ Қуролли кучлари таркибига кирганликларини рад этадилар.

Суд қарорига кўра, айбдор деб топилган уч киши ҳалок бўлганлар қариндошларига жами 16 миллион евро тўлаши шарт. Агар улар ҳукм кучга киргандан кейин 8 ой ичида буни қилмасалар, товон Нидерландия давлати томонидан тўланади, у маҳкумлардан пул талаб қилади.

Иш бўйича суд мажлислари Амстердам яқинидаги Схипхол аэропортидаги юридик мажмуада бўлиб ўтди, у ердан бир пайтлар Малайзия "Боинг"и учиб кетган. Суд мажлислари очиқ ўтди, жараённи ҳар бир киши кузатиб бориш имкониятига эга бўлди: йиғилишлар, жумладан, суд ҳукми эълон қилиниши ҳам интернет тармоғида кўрсатилди.

Малайзия авиакомпаниясининг Boeing 777 самолёти 2014 йилнинг 17 июлида ҳалокатга учради. Тергов аниқлаганидек, Амстердамдан Куала-Лумпурга MH17 рейси билан учаётган йўловчи лайнери ракета билан уриб туширилган. Бортдаги 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган.

Фожиадан сўнг бешта давлат – Австралия, Бельгия, Малайзия, Нидерландия ва Украина қўшма Халқаро тергов гуруҳини (JIT) тузди. Унинг экспертлари самолёт россияпараст кучлар назорати остидаги ҳудудда жойлашган "Бук" тизими томонидан отилган 9М38 серияли ракета билан уриб туширилган, деган хулосага келишди. Терговчилар "Бук" у ерга Россиянинг 53-ҳаво ҳужумидан мудофаа бригадаси томонидан олиб келинганига амин. Бригада Курск яқинида жойлашган ва кўп ўтмай, фожиадан кейин чегара орқали Россия ҳудудига қайтарилган.

Суд жараёнида авиалайнернинг қолдиқлари ва уни урган ноёб серия рақамига эга ракета, сунъий йўлдошлар ва радарлардан олинган маълумотлар, шунингдек, жиноят қуроли - «Бук» тизими қандай олиб келингани ҳақидаги фото ва видеолавҳалар кўрсатилди. Бундан ташқари, айблов томони судга гувоҳларнинг кўрсатмаларини тақдим этди ва MH17 ҳалокатига алоқадорликда гумон қилинганлар ўртасидаги телефон суҳбатларини эшиттирди.

Мавзуга оид