Малайзиянинг Паханг штати Рауб туманидаги Клау дарёсида яна бир пираня тутилди. Бу ҳақда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи Jejak Air Tawar ташкилоти хабар берди.
Дастлабки баҳолашларга кўра, тутилган балиқ оддий ёки қизил қоринли пираня — Pygocentrus nattereri турига мансуб бўлиши мумкин. Ушбу турнинг табиий яшаш ҳудуди Жанубий Америка дарёлари ҳисобланади. Малайзия сув ҳавзаларида эса пиранялар маҳаллий тур эмас ва инвазив организм сифатида баҳоланади.
Биринчи пираня 26 август куни Клау тўғони яқинида балиқчилар тўрига тушган эди. Орадан бир ойга яқин вақт ўтиб, худди шу ҳудуддаги дарёдан иккинчи шунга ўхшаш балиқ тутилди.
Малайзия Балиқчилик департаменти мамлакат сув ҳавзаларида қизил қоринли пираняларнинг барқарор популяцияси мавжудлиги ҳақида ҳозирча маълумот йўқлигини билдирди. Шу сабабли икки балиқнинг тутилиши уларнинг дарёда кўпайиб кетганини тасдиқламайди. Бироқ қисқа вақт ичида иккита намуна аниқлангани мутахассисларда жиддий хавотир уйғотган.
Биринчи балиқни ўрганиш имкони бўлмаган
Август ойида тутилган биринчи балиқ фақат сурат орқали ўрганилган. Мутахассислар ташқи белгиларига қараб уни Pygocentrus туркумига киритган, бироқ фақат фотосурат асосида балиқнинг аниқ турини кафолатли белгилаш мумкин эмаслиги қайд этилган.
Балиқни тутган шахс унинг нобуд бўлгани ва кейинчалик ташлаб юборилганини айтган. Шунинг учун мутахассислар биринчи намунани бевосита текшириш, ўлчамларини қайд этиш ёки генетик таҳлил ўтказиш имконига эга бўлмаган.
Иккинчи ҳолатда Jejak Air Tawar вакиллари балиқчи билан боғланиб, ундан бир нечта сурат ва видеоларни олган. Материалларни ўрганган мутахассислар иккинчи балиқ ҳам аввалгиси билан бир турга мансуб, деган дастлабки хулосага келган.
Пираняларни кимдир сувга қўйиб юборган бўлиши мумкин
Экологларнинг тахминича, пираняларни кимдир атайлаб ёки эҳтиётсизлик оқибатида сув ҳавзасига ташлаб юборган. Бироқ улар тўғридан тўғри дарёга қўйиб юборилганми ёки аввал Клау сув омборига ташланганми — ҳозирча номаълум.
Сув ҳавзасига нечта пираня чиқариб юборилгани ҳам аниқ эмас. Jejak Air Tawar ташкилоти вакилларининг таъкидлашича, бундай балиқлар кўпинча якка эмас, балки бир гуруҳ ҳолда қўйиб юборилади. Шунинг учун дарёда яна бошқа пиранялар бўлиши эҳтимоли истисно қилинмаяпти.

















