Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси вакиллари ушбу мамлакат Миграция департаменти бош директори ўринбосари Аминудин бин Яҳая билан учрашди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон фуқаролари учун Малайзияда 30 кунгача амал қиладиган визасиз тартибни янада соддалаштириш ҳамда узоқ муддатли визаларни расмийлаштириш жараёнларини енгиллаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон томони мамлакат фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар сонини кенгайтириш ва виза жараёнларини либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, хавфсиз ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш, хорижда ишлаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликларни қўллаб-қувватлаш чоралари хусусида сўз юритилди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон дунёнинг 93 дан ортиқ мамлакати фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этган. Яна 70 дан зиёд давлат фуқаролари учун электрон виза тизими йўлга қўйилган.

Томонлар Ўзбекистон ва Малайзия раҳбарларининг ўзаро ташрифлари доирасида эришилган келишувлар натижасида савдо-иқтисодий, туризм, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар фаоллашиб бораётганини ҳам таъкидлади.

Аминудин бин Яҳая сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида сайёҳлар оқими ортиб бораётганини қайд этди. Малайзия Миграция департаменти маълумотига кўра, мамлакатда қонуний бўлиб туриш учун рухсатнома олган Ўзбекистон фуқаролари сони ҳам кўпаймоқда.

Ўзбекистонликлар Малайзияга асосан таълим олиш ҳамда малакали мутахассис сифатида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида бораётгани билдирилди.