Жамият | 17:55 / 18.11.2022
105363
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда аёл уч нафар фарзанди билан ўзини каналга ташлади. Икки нафар гўдак ҳалок бўлди

Аёл қайнонаси билан жанжаллашган ва унга жаҳл қилиб, уч нафар боласи билан ўзини Дарғом каналига ташлаган.

Дарғом канали

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 3 ноябр куни Самарқанд тумани Жарқишлоқ маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган Қ.А. қайнонаси билан ўрталарида келиб чиққан оилавий келишмовчилик натижасида унга жаҳл қилиб, 3 нафар вояга етмаган фарзандлари билан бирга ўзини Дарғом каналига ташлаган.

Улар каналда оқиб кетаётганида Самарқанд тумани Янгиариқ маҳалласида жойлашган ошхонада ишловчи фуқаролар томонидан сувдан чиқариб олинган.

Ҳодиса оқибатида аёлнинг икки нафар фарзанди вафот этган. Ўзи ва яна бир фарзанди туман марказий шифохонасига олиб борилган. Шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, даволаниш учун шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд туман прокуратураси томонидан терговга-қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, мазкур аянчли ҳодиса вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов томонидан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинган.

Муҳокама давомида маҳалла мутасаддилари фаолияти қониқарсиз деб баҳоланиб, хонадонбай ишлаш, низоли, жанжалли хонадонлар, турмуш ўртоғи хорижда бўлган оилалар билан мунтазам суҳбатлар олиб бориш, назоратни йўлга қўйиш борасида тушунчалар берилган.

Аввалроқ, 2021 йилда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида эри ва қайнонасининг тазйиқларига чидолмаган аёл ва унинг 16 ёшли қизи ўз жонига қасд қилганди. Аёлга фақат қиз фарзандлар кўргани учун қайнонаси ва эри томонидан йиллар давомида таҳқирланган. Бундан маҳалла раиси ва бошқа мутасаддиларнинг хабари бўлган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид