Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Газ-свет инқирози, чегара келишуви ва администрациядаги тайинловлар — ҳафта дайжести
Электр таъминотидаги кенг кўламли узилишлар фонида, энергетика ислоҳоти бўйича фармон лойиҳаси тайёр бўлгани маълум қилинди. Президент администрациясида учта янги тайинлов рўй берди. Қирғизистон билан чегара бўйича келишув кучга кириш арафасида. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа асосий хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Охирги ҳафталарнинг асосий мавзуларидан бири яна газ ва свет муаммоси бўлиб қолди. Ҳали изғирин совуқ бошланмай туриб, таъминотда жиддий муаммолар бошланиб кетди. Ижтимоий тармоқларда одамлар соатлаб электрсиз қолаётгани, газ босими пасайиб кетгани ҳақида ёзишяпти. Шифохоналар, давлат хизматлари марказлари, банклар, маҳаллий ҳокимликлар ҳам вақти-вақти билан токсиз ишлаётган ҳолатлар ҳақида хабарлар бор.
Энергетика вазирлиги ўтган ҳафта охирида баёнот бериб, аҳолидан вазиятни тўғри тушунишни ва тежамкор бўлишни сўраган эди. Танқидлардан кейин вазирлик расмийлари 16 ноябр куни матбуот анжумани ўтказди. Лекин тўрт амалдор қатнашган анжуманда одамларнинг дардига дармон бўлгулик бирор гап айтилгани йўқ. Бажарилмас ваъда бергандан кўра, шуниси ҳам тўғридир, эҳтимол.
Бунақа вазиятларда шахсан ўзи одамларга тушунтириш бериши керак бўлган энергетика вазири анжуманга келмади. Унинг ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг айтишича, свет ўчишига сабаб оддий – газ етишмовчилиги.
“Мен очиқ айта оламан, бугунги кунда электр таъминотидаги узилишларнинг 90 фоизининг сабаби – электр тармоқларининг эскиргани ёки қуввати камлиги эмас, балки электр станцияларимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ёқилғи етишмаслигидир”, – деди вазир ўринбосари.
Ўзбекистонда электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида, газ ва кўмир ёқиш ҳисобига ишлаб чиқарилади. Совуқ кунлар бошлангач, бир тарафдан иситиш учун газга талаб ошади, иккинчи тарафдан магистрал газ қувурларида газ босими пасаяди. Афсуски, ўтган йилни ҳисобга олмаганда, охирги 6 йилда газ қазиб олиш фақат камайиб боряпти.
Шерзод Хўжаев Ўзбекистон газ экспортини деярли тўхтатганини айтди. “Лукойл” билан тузилган шартномалар миллий манфаатларга қанчалик мос, ҳукумат шартнома шартларини ўзгартиришни ўйламаяптими, деган саволга эса газ тақчиллигига “бу шартномаларнинг алоқаси йўқ” дея жавоб берди.
“Шартнома шартларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон манфаатларига зид ёки зид эмас деб бугунги кунда баҳо беришимиз бирмунча нотўғри. Чунки шартнома тузилаётган вақтдаги шароит қайсидир шартноманинг параметрларини тақозо этган. Лекин газ тақчиллиги бу шартнома шартларига боғлиқ эмас. Бу компания ҳам ўз мажбуриятларини бажаряпти”, – деди у.
Яна бир тоифа шартномалар борки, улардаги иккинчи томон расман “хорижий инвестор” деб аталади, аслида эса офшорда компания очган ўзбекистонликларга бориб тақалади. Юздан ортиқ нефт-газ конлари охирги икки йилда қандай қилиб хусусий компания бўлмиш “Саноат энергетика гуруҳи”нинг қўлига ўтиб қолгани ҳалигача номаълум.
Журналистлар Шерзод Хўжаевдан бу компанияга конлар “текинга бериб юборилгани”, унга қўшиб яширинча экспорт имтиёзлари ҳам берилгани ҳақида сўради. Вазир ўринбосари ўз жавобида бу иккала маълумотни ҳам рад этмади. У компания ишлаб чиқариш режасини ортиғи билан бажараётгани, шартнома шартларини эса очиқлай олмаслигини айтди.
Матбуот анжуманида айтилган рақамлардан бирига кўра, Ўзбекистоннинг электр энергияси бўйича кунлик эҳтиёжни қоплаш учун 230 млн кВт/соат ресурси бор, лекин шу кеча-кундуздаги ҳақиқий эҳтиёж 245 млн кВт/соатга тенг. Яъни Ўзбекистонга кунига 15 млн кВт/соат электр токи етишмаяпти. Бу бутун бошли битта вилоятнинг эҳтиёжига тенг.
Газ ва электр мавзуси жума куни Сенат ялпи мажлисида ҳам кўтарилди. Сенаторлар 2022 йилги давлат дастурида белгиланган электр энергиясига оид банд бажарилмаганига эътибор қаратди. Дастурга кўра, энергетика соҳасида рақобат муҳитини юзага келтиришнинг асослари ишлаб чиқилиши керак эди. Сенатда ҳисоб берган Шерзод Хўжаевнинг айтишича, тегишли ҳужжат лойиҳаси тайёр бўлган ва Президент администрациясида кўриб чиқиляпти.
Администрацияга киритилган фармон лойиҳасида электр энергияси ва табиий газ соҳасида рақобатли бозорни шакллантириш, бу бозорга ўтиш босқичларини белгилаш, нархларни эркин шакллантириш ва хусусий инвестицияларни кенгроқ жалб этиш бўйича барча чоралар ёзилган, деди вазир ўринбосари.
Айни шу ҳужжат газ-свет муаммосини узил-кесил ҳал қилиш бўйича саволларга ҳукуматнинг жавоби бўлиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг иқтисодий блоки, қанчалик оғриқли бўлса-да, энергетикада давлат монополиясини тугатиб, ижтимоий ҳимояни унутмаган ҳолда бозор муносабатларига ўтишни таклиф этяпти. Бу эса таъминот яхшиланиши ҳисобига, газ-свет нархлари бир неча баробарга ошишини тақозо этади. Шу йил ёзда эълон қилинган, лекин тасдиқланмай қолган режага кўра, 2026 йилдан бошлаб энергетикада тўлиқ бозорга ўтилиши, газ-свет нархлари очиқ ва рақобатли бозорда эркин шаклланадиган бўлиши керак эди.
Энергетика ислоҳоти, агар тўғри амалга оширилса, пасаймайдиган газ ва ўчмайдиган свет бериши керак. Бунинг эвазига бу ресурслар қиммат бўлади, қиммат бўлганидан кейин ҳамма тежаб ишлатади. Қолаверса, одамларда худди мобил алоқа компанияси ёки интернет провайдерни танлагандек, таъминотчини танлаш ҳуқуқи бўлади, узилишлар учун компенсация талаб қила олади. Хусусий таъминотчилар сиздан тежаб ишлатишни сўрамайди, чунки қанча кўп энергия ёқсангиз, уларга шунча фойда.
Масаланинг биринчи томони, оғриқли ислоҳот учун сиёсий ирода керак, иккинчи масала эса – коррупциясиз, рақобатли, очиқ ва шаффоф бозорни яратиш осон иш эмас. Агар ҳукумат буни уддалай олмаса, энергетика бозори ҳам қайсидир гуруҳларга рақобатсиз бериб юборилса, охир-оқибатда таъминот сифати ўзгармай, фақатгина нарх ошгани қолса, буни ислоҳот деб атаб бўлмайди.
Газ-свет билан боғлиқ охирги хабаримиз билан бу мавзуни якунлаймиз. Ўзбекистонда 3 кун ичида 5 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди. Улардан уч нафари – болалар.
13 ноябр куни Урганч шаҳрида рўй берган воқеада 21 ёшли фуқаро ва 15 ёшли ўсмир ҳалок бўлди. 15 ноябр куни эса Жиззахнинг Зарбдор туманида 63 ёшли фуқаро ва унинг икки ўсмир невараси ис газининг қурбони бўлди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ис гази қўлбола усулда тайёрланган иситиш қозонидан келиб чиққан.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара бўйича тарихий келишув арафасида
Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари давлат чегарасига оид иккита келишувни ратификация қилди. Улар кучга кирганидан кейин, иккита баҳсли сув омбори тўлиқ Ўзбекистон эгалигига ўтади.
Бош вазир Абдулла Ариповнинг айтишича, келишилмай қолган 302 километрлик ўзбек-қирғиз чегараси бўйича музокаралар 5 йил давом этган. Музокаралар марказида турган асосий объект – Андижон сув омбори. Ўзбекистон бу муҳим сув омбори эвазига Қирғизистонга 13 минг 719 гектар яйлов ер беради. Бу – Ўзбекистон собиқ иттифоқ даврида олган мажбуриятларини тўла бажармагани билан боғлиқ.
Сув омборининг ҳудуди 5 минг гектар. Ўзбекистон бунга компенсация сифатида иттифоқ пайтида Қирғизистонга 4 минг гектар ер берган, минг гектар ер бўйича қарз эса энди бажариляпти.
Қолаверса, совет пайтидаги шартномага асосан, Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятига канал тортиб, сув олиб бориб бериши керак бўлган, лекин бу бажарилмаган. Шу сабаб қирғизлар 8 минг гектардан 18 минг гектаргача ерни экинзорга айлантира олмай қолганини айтган. Абдулла Ариповнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бу мажбуриятини ҳозир бажариши, яъни канал тортиб бериши мақсадга мувофиқ эмас. Биринчидан, бу жуда қимматга тушади, иккинчидан 20дан ортиқ қишлоқлар аҳолисини кўчиришга тўғри келади. Якунда, Ўзбекистон бу мажбуриятни бажармаслик эвазига, 12 минг 709 гектар яйлов ер берадиган бўлган. Шунинг ярми шундоғам баҳсли ҳудуд бўлиб, улардан ҳозир Қирғизистон фуқаролари фойдаланяпти.
Бундан ташқари, икки давлат 10 та аҳоли пунктини алмашяпти. Бунда Қирғизистоннинг 429 гектар ери Ўзбекистонга, Ўзбекистоннинг 294 гектар ери Қирғизистонга ўтказилади.
Яна бир масала Косонсой сув омбори билан боғлиқ. Сув омбори Қирғизистон ҳудудида жойлашган бўлса ҳам, амалда ундан Ўзбекистон фойдаланиб келяпти. Ўзбекистон Қирғизистонга 477 гектар ер бериш эвазига, омборнинг 850 гектарлик ҳудудини қўлга киритади.
Парламентлар ратификация қилган тегишли қонунлар президентлар томонидан имзолангач, узоқ йиллик чегара масаласига сиёсий жиҳатдан нуқта қўйилади ва келишувни амалга ошириш бўйича техник жараёнларга ўтилади.
Мирзиёева ва Давлетов – Президент администрациясида
Президент администрациясидаги ўзгаришлар давом этяпти. Ҳафта давомида Саида Мирзиёева ва Русланбек Давлетов ҳам президентга энг яқин жамоа аъзоларига айланди. Улар учун администрацияда янги лавозимлар таъсис этилди.
Саида Мирзиёева администрация ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири лавозимига тайинланди. Бу тузилма администрация раҳбарининг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати бўйича ўринбосари Комил Алламжонов раҳбарлик қилаётган тизим таркибига киради. Мирзиёева бу юқори даргоҳда ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ижросининг боришини ҳам назорат қилади.
Шу тариқа, сўз эркинлигининг ҳукумат ичидаги асосий тарғиботчилари, тарафдорлари ва ҳимоячилари деб кўриладиган Алламжонов ва Мирзиёева тандеми яна бирга иш бошлади. Жамоатчиликда шаклланган ишончга кўра, улар сўз эркинлигининг аҳамиятини олий раҳбариятда доимий кун тартибида ушлаб туради.
Администрацияга ишга ўтган Русланбек Давлетов ҳам сўз эркинлиги ва умуман ҳуқуқлар устуворлигини қадрловчи кадрлардан бири деб кўрилади. Охирги 5 йил давомида Адлия вазирлигини бошқарган, бюрократияни қисқартиришда катта ўрин тутган Давлетов президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчисига айланди.
Адлия вазири лавозимини эса Акбар Тошқулов эгаллади. У 2017-2021 йилларда адлия вазири ўринбосари бўлиб ишлаган. Ўтган йили Тошкент давлат юридик университети ректори этиб тайинланган эди.
Ҳафта давомида, шунингдек, Турсинхон Худайбергенов президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилиб, президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Муфтий — зиёратдан қайтишини “нишонлаётганлар” ҳақида
Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров навбатдаги видеомурожаатида Ҳаж ёки умра сафаридан қайтган инсонларни амалларини холис Аллоҳ учун қилишга ва риё қилмасликка чақирди. У мусулмонларни кимўзарга дабдабали тадбирлар қилиш ва исрофгарчиликнинг гуноҳидан огоҳлантирди.
Муфтий Ҳаж ёки умра сафаридан қайтган инсонлар савобли ва хайрли ишларда ибрат, тежамкорликда бошқаларга намуна бўлиш ўрнига, кутиб олишдан бошланган харажатлар ва исрофгарчиликлар билан банд бўлиб қолаётганини айтиб ўтди.
“Қимматбаҳо автоуловларда кутиб олиш, маҳалланинг бошидан узундан узун пойандозлар тўшаш, катта пул сарф қилиб маросимларни тўйларга, баъзан эса Аллоҳ бизни кечирсин, шоуларга айлантириб юбориш ҳолатлари кўпаймоқда. Умра зиёратидан келганлар то бир километр узоқликдан оёқлари остига гиламлар солганининг гувоҳи бўляпмиз.
[…] Бу риёкорлик, бу қилинаётган дабдаба-ю асъасаларнинг ҳаммаси динимизда тақиқланган. Динимиз қайтарган амаллардир. Яна ачинарлиси, қайтиб келганидан кейин бу шоуларга, дабдабаларга уланиб кетадиган ҳожи ўтиришлар каби ўтиришлар ташкил қилиняпти. Биргина ҳожи ўтиришни ташкил қилиш учун бир камбағал одам фарзандининг тўйига сарфлайдиган сарф-харажатни ишлатишяпти.
Бундан ташқари, қилган амалингизни бошқалар кўрсин деб қилинадиган амал бу – риё”, – деди Нуриддин домла Холиқназароқ.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Собиқ “Уммон” гуруҳи хонандаси Жасур Рафиқов вафот этди. 31 ёшда бўлган хонанда анчадан буён саратон касаллиги билан курашиб келаётган эди. Эслатиб ўтамиз, собиқ “Уммон” гуруҳининг яна бир аъзоси Зоҳид Ризқиев 29 сентябрдаги автоҳалокатдан кейин ҳамон кома ҳолатида қоляпти.
Россия ҳукумати Ўзбекистон меҳнат мигрантлари учун квоталарга чекловни бекор қилмоқда. Бу – Россиядаги қисман сафарбарлик туфайли кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ. Бундан ташқари, Россия президенти Владимир Путин хорижликларнинг Россия армиясида хизмат қилишига рухсат берди. Бу эса ватандошларнинг урушга олиб кетилиши бўйича хавотирларни кучайтиради.
“Ўзавтосаноат” компаниясининг бошқарма бошлиғи ўринбосари компания охирги йилларда автомобиллар нархини оширмаганини айтди. “Ўзингиз ўйлаб кўринг, неча йилдан бери нархни оширмадик. Доллар курсини ҳисобланг, математикани ишга солиб кўринг. Сиз биласизки, биз нархни оширмаганмиз, аслида пасайтирганмиз”, – деди Беҳзод Холиқов.
Бухоро шаҳридаги мактаб ўқитувчи 3-синф ўқувчиларини калтаклади. Интернетда воқеа видеоси тарқалгач, ўқитувчи ўз аризасига кўра ишдан кетди. Навоийнинг Нурота туманида эса мактаб қоровулхонасида қимор ўйнаган директор ва унинг ўринбосари ишдан олинди.
Фарғонада 15 яшар ўсмирнинг ўлиги чиққан Ички ишлар муассасаси раҳбари ва икки ходими ишдан олинди. Вояга етмаганлар марказининг 3 ходими интизомий жазога тортилган, яна 4 ходим навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланган. Бош прокуратура қамоққа олинган икки киши ИИБ ходимлари эканини тасдиқлади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий жамоалари Тошкентда ўртоқлик ўйини ўтказди. Охирги 15 йил ичидаги биринчиси бўлган бу беллашувда 2:0 ҳисобида Ўзбекистоннинг қўли баланд келди. Голларга Ҳожимат Эркинов ва Элдор Шомуродов муаллифлик қилди.
Мавзуга оид
09:00 / 05.07.2026
Мундиалдаги дебютга расмий баҳо, қимматлаётган бензин ва ўпирилган дамба — ҳафта дайжести
09:00 / 28.06.2026
Коррупцияга қарши янги қонун ва танқидлар остидаги ҳокимлар — ҳафта дайжести
09:10 / 21.06.2026
Мундиалдаги тарихий дебют ва қайтариб бериладиган солиқ – ҳафта дайжести
09:00 / 14.06.2026