Таъкидланишича, 2022 йилнинг 10 ойида ички ишлар ходимлари 344 марта қаршиликка учраган. Бу ҳақда АОКАда Ички ишлар вазирлиги мансабдорлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
“10 ой давомида 344 та ҳолатда хизмат вазифасини ўтаётган ички ишлар органлари ходимларига нисбатан фуқаролар томонидан қаршилик кўрсатилган. 194 та ҳолатда 258 нафар фуқарога нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, суд ҳукмига кўра жавобгарликка тортилган.
Ички ишлар ходимлари орасида кундалик ёки тунги хизмат вазифасини бажариб келаётган ходимларимизга қаршилик кўрсатиш оқибатида ҳалок бўлган ходимлар ҳам бор. Шу йилнинг 10 ойи мобайнида 25 нафар ходимимиз тўғридан тўғри хизмат вазифасини бажариш вақтида вафот этяпти. Шундан 9 нафари йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида, 16 нафари хизмат вазифасини бажариш вақтида вафот этган”, дейди ИИВ департамент бошлиғи ўринбосари Ҳамза Мухсинов.
Бундан бир йил олдин ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи [ҳозирги кунда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ўринбосари – Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи] Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz'га берган интервюсида ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатиш ва жароҳат етказиш ҳолатлари йилдан йилга кўпаяётганини айтганди.
“Тунги соат учда, ҳаммамиз ухлаётган вақтда ички ишлар идорасига “Эрим ичиб келиб мени уряпти, ёрдам беринглар”, деган хабар тушади. Энди кўз олдингизга келтиринг. Вақт алламаҳал, профилактика инспектори шу хабар асосида айтилган манзилга боради. Тўғри, унинг табель қуроли бордир, дубинкаси бордир, кишани бордир. Лекин олдинда уни нима кутаётганини билмайди. Бизнинг хатомиз ҳам – шу.
Тунги вақтда бунақа чақирувлар жуда кўп. Одатда чақирув келиб тушган профилактика инспекторлари ёнида ёшроқ ёрдамчиси билан ёки шериги билан чақирув келиб тушган хонадоннинг эшигини тақиллатади. Кўпинча бундай чақирувларга борадиган ходимлар жанжаллашаётган эр-хотинни ажратаман-у қайтаман деб ўйлашади. Лекин ортига қайтмаган ходимларимиз бор. Ногирон бўлиб қолганлари бор. Чунки уларни ҳар доим ҳам бир хил ҳолат кутиб турмайди. Пичоқ ёки қурол билан қуролланган зўравонга дуч келиб қолишлари ҳам мумкин. Лекин профилактика инспекторлари шундай пайтда қочиб кетди деган гапни бирор марта эшитганмисиз?” деганди ўшанда ИИВ мулозими.














