“Марказий Осиё газини қўлга олиб, Хитой билан ўзи гаплашмоқчи”. Иқтисодчи – Путиннинг уч томонлама иттифоқ таклифи ҳақида
Иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров Kun.uz’га берган интервьюсида Владимир Путиннинг Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида тузмоқчи бўлаётган уч томонлама иттифоқи ва ундан кўзланган мақсад ҳақида ўз фикрларини билдирди.
“Мавзуни таҳлил қиларканмиз, бир неча қатламни кўриб чиқишимиз керак. Менимча, Володиннинг Ўзбекистонга келиши ва Қозоғистон президенти матбуот хизматининг уч томонлама иттифоқ газ масаласида, дея баёнот бериши одамларни асосий масаладан чалғитиш ҳисобланади. Яъни таклиф қилинган иттифоқ Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида тузилган иттифоқчилик шартномасини хаспўшлашга қаратилган разведка ёки контрразведка ҳаракатлари. Менинг баҳойим шундай. Нега? Биринчидан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яқиндагина имзоланган иттифоқчилик шартномаси матнига қарасак, унинг иккинчи моддаси НАТО шартномасидаги банд билан деярли бир хил. Унга кўра, томонларга ёки уларнинг бирига ҳарбий хавф туғилса, томонлар ўзаро маслаҳатлашувни бошлаб, унинг олдини олишга ҳар томонлама ҳаракат қилади.
Бунинг маъноси шуки, биз Қозоғистон билан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий соҳада иттифоқ бўламиз. Бу жуда катта қадам. Чунки Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёда бирлашиб иттифоқ тузса, бу минтақада жуда катта сиёсий реалликка олиб келади. Бу катта қудрат дегани. Агар шартномага катта урғу берилса ва у бўйича катта қадамлар қўйилса, яъни шартнома ўлик эмас, тирик бўлса, бу катта сиёсий воқелик бўлади.
Энди, Марказий Осиёда бундай катта кучнинг пайдо бўлиши албатта, Россияга ёқмайди. Уларнинг энг катта мақсади бундай иттифоқнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик. Бунинг тагида турган иқтисодий фактор эса углеводородлар. Яъни Қозоғистонда газ ва нефт депозитлари жуда катта. Ўзбекистонда ҳам озроқ газ депозитлари бор.
Энг муҳими Ўзбекистон ва Қозоғистонда Туркманистондан Хитойга ўтадиган учта йирик газ қувури бор. Агар геополитик нуқтайи назардан қарайдиган бўлсак, Россия углеводородлар соҳасида Марказий Осиёда ўзига рақобатчи пайдо бўлишини истамайди.
Фактларга келайлик. Афсуски, бугун Ўзбекистоннинг газ соҳасидаги импортини ҳам, экспортини ҳам “Газпром” ва унга тегишли ташкилотлар назорат қилади. Ҳатто у бизнинг Хитой билан экспортимизни ҳам назорат қилади. Керак бўлса, экспорт нархини ҳам, ҳажмини ҳам белгилаб беради. Туркманистондан оладиган газни ҳам “crudex” деган компания орқали оламиз. Улар ўртага кирган. Бунда ҳам шартнома ва ҳажмни улар белгилаб беради.
Бу соҳада яна бир афсусланадиган томонимиз борки, импорт қилинаётган газ асосан аҳолига сотиляпти, дея даво қилиняпти ва бу бюджетдан ажратиладиган субсидияларнинг кескин кўпайишига олиб келяпти.
Ҳозир Темур Ишметов Парламентга чиқиб субсидиялар ошиб кетгани ҳисобига бюджетдаги камомадни, дефицитни 3 фоиздан 4 фоизга кўтариб беринглар, дея илтимос қиляпти. Лекин молия вазири газни импорт қилишга эмас, ўзимизда газ қазиб олишга катта эътибор берайлик, бунга шароит яратиб берайлик дейиши мумкин. Чунки у ерда катта муаммолар тўпланиб қолган. Агар газ қазиб олиш соҳасида хизматда бўлган воситаларга қарасак, уларнинг баъзилари 80 фоиз, газ чиқарадиган компрессорларнинг эса 60-70 фоизи эскирган.
Шуларни қайта тиклаган тақдиримизда ҳам газ ишлаб чиқариш ҳажмлари кескин кўпаярди. Бизда эса фақат газни қайта тақсимлаш ва газни қайта ишлаш соҳаларига пул тикилади. Шунчаки у чўнтакдан бунисига олиняпти.
Яъни аҳволимиз шундайки, газ соҳамизни “Газпром” назорат қиляпти ва энди бунга Қозоғистонни ҳам тортишмоқчи. Агар бу иттифоққа Қозоғистон кирса, Туркманистон ҳам киришга мажбур бўлади. Чунки Туркманистоннинг газ трубалари биздан ўтган. Тўғри, улар Эронга ҳам газ экспорт қилади лекин бу Эронга унчалик ҳам керак эмас, чунки Эроннинг ўзида ҳам газ захиралари жуда катта. Эрон олса, йилига 17 млрд куб газ олади, лекин Хитойга кетадиган газ 67-70 млрд кубни ташкил қилади. Россия бекорга Хитойга борадиган “Сила Сибири” қувурини қурмади. У мана шу қувурга рақобатчи бўлмаслиги учун қолганларнинг ишини жойида тўхтатишни ният қилган”, – деди Абдулла Абдуқодиров.
Иқтисодчининг фикрича, Россия Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокидаги уч томонлама иттифоққа эриша олса, Хитойга бу иккала давлатнинг газ экспорти ҳам, импорти ҳам ўзининг қўлида экани ва газ олди-бердиси фақат у билан бўлишини айтади.
“Яъни Россия углеводородлар бўйича бизни ўртадан чиқариб, Хитой билан ўзи гаплашмоқчи.
Шу кунларда рус ОАВ айтаётган яна бир гап бор. Унга кўра, Хитой раҳбари биз Россия билан биргаликда жаҳондаги углеводород хавфсизлигини таъминлашга тайёрмиз, деган эмиш. Тўғри, мен ҳозиргача бу хабарнинг тасдиғини ҳеч қаердан топмадим. Лекин агар бу рост бўлса, Хитой бу гаплари билан дунёга қарата шундай деётган бўлади: “Тўғри, сиз Россияга ишонмайсиз, лекин мен – Хитой углеводородларини Россиядан олиб, сизларга сотишим мумкин”.
Фикримча, бу келишув Россияга ҳам, Хитойга ҳам қулай бўларди. Чунки Россия шу орқали у ғарбга экспорт қилолмаган газини Хитойга экспорт қилади”, – деди у.
Абдулла Абдуқодиров суҳбат давомида Ўзбекистон раҳбарияти уч томонлама иттифоқнинг ана шу мақсад ва хавфларини била туриб ҳам унга кириши мумкинми, мазмунидаги саволга ҳам жавоб берди.
“Бу мен учун жуда оғир савол ва унга жавобим йўқ. Фикримча, бугун халқимиз ташқи сиёсатнинг субъекти бўлмагунча биз турли вариантларга тайёр бўлишимиз керак. Чунки халқимиз манфаатларига тескари бўлган тарихий ва замонавий лоҳиҳалар жуда кўп. Бу газни қайта тақсимлаш шартномалари ёки экспорт ва импортда ҳам. “Газпром”, “Лукойл” билан қилинган шартномалар”, – деди у.
Ўзбекистон Россия компаниялари билан тузилган ва жуда катта зарар келтираётган шартномалари қайта кўриб чиқиши мумкинми?
Таҳлилчига кўра, бугунги реалликда тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқишга барча асослар бор.
“Сиёсий ирода бўлса, қайта кўриб чиқиш мумкин. Қисқа жавоб шу. Лекин бу амалга ошиши учун халқимиз, халқимизнинг манфаати ташқи сиёсат субъекти бўлиши керак, объекти эмас”, – деди Абдулла Абдуқодиров.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Муҳиддин Қурбонов.
Мавзуга оид
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
16:07 / 12.11.2024