Перу президенти импичментдан кейин ҳибсга олинди
Перу вице-президенти Дина Болуарте янги президент сифатида қасамёд қилди ва шу тариқа мамлакат тарихидаги биринчи аёл президент бўлди. Аввалроқ давлат раҳбари Педро Кастильо ҳокимиятдан четлатилган эди.
Перу полицияси бир неча соат аввал мамлакат парламенти томонидан импичмент эълон қилинган президент Педро Кастильони ҳибсга олди, деб хабар бермоқда 7 декабрь, чоршанба куни маҳаллий ахборот агентликлари.
Перу Конгресси президентга импичмент эълон қилиш учун учинчи уринишни амалга ошириш ниятида эди. Бунга, AFP хабарига кўра, Кастильонинг бир қатор инқирозлар, жумладан, унга қарши олтита тергов, бешта вазирлар маҳкамаси ўзгариши ва оммавий норозиликлардан сўнг ҳокимиятни амалга оширишга «маънавий ночорлиги» сабаб бўлган.
Перу Кастильога қарши порахўрлик, адолатга тўсқинлик қилиш, жиноий ташкилотни бошқариш ва университет диссертациясини ёзиш пайтида плагиат айбловларини текширмоқда.
Мамлакат конституцияси импичмент жараёнини ҳуқуқий эмас, балки сиёсий айблар асосида бошлашга рухсат беради, бу эса Перуда импичментни одатий ҳолга айлантиради, дея қайд этади AFP. Кастильо 2018 йилдан бери конституциянинг «маънавий қобилиятсиз» бандига кўра ишдан бўшатилган учинчи президентдир.
Парламент йиғилишини кутмасдан, Кастильо халққа мурожаат қилиб, Конгрессни тарқатиб юбориши, комендантлик соати жорий этиши ва фармон билан ҳукмронлик қилишини эълон қилди. Бунга жавобан парламентарийлар импичмент таклифини муҳокама қилиш учун режалаштирилганидан эртароқ йиғилишди. Натижада 130 депутатдан 101 нафари қарор учун овоз берди.
Ўша куни кечқурун Кастильо ҳибсга олинди, деб хабар берди мамлакат прокуратураси. Бош прокуратура маълумотларига кўра, у конституциявий тузумга суиқасд ва давлат тўнтаришига уринишда айбланмоқда. Маҳаллий RPP радиостанцияси манбалари полиция ва ҳарбийлар Конгресс томонида эканини айтди.
Парламентнинг навбатдан ташқари йиғилишида Перу вице-президенти Дина Болуарте Перунинг янги президенти сифатида қасамёд қилди ва шу тариқа мамлакат тарихида бу лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлди.
АҚШ Давлат департаменти импичмент эълон қилинишидан олдин ҳам Кастильони «қарорини бекор қилишга» ундаган. «Менинг тушунишимча, Конгресснинг хатти-ҳаракатларини инобатга олган ҳолда, у ҳозир собиқ президент Кастильо ҳисобланади», - деди Давлат департаменти вакили Нед Прайс парламент қароридан сўнг. У қонун чиқарувчилар демократик қоидаларга мувофиқ «тузатиш чоралари» кўрганини айтди.
Лотин Америкаси ҳукуматлари чуқур ташвиш билдирди ва демократияни ҳурмат қилишга чақирди. AFP агентлиги энг содиқ иттифоқчиларидан бири деб атайдиган Мексика президенти Андрес Мануэл Лопес Обрадор Костильони қўллаб-қувватлади. У Перунинг «иқтисодий ва сиёсий элитасини» Кастильонинг «қонуний президентлиги» бошланганидан бери душманликда айблади. Колумбия президенти Густаво Петро ҳукумати «барча сиёсатчилар» иштирокида мулоқот ўтказишга чақирди.
Мавзуга оид
14:22 / 16.11.2024
Перуда Хитой сармоясига қурилган мегапорт очилди
18:24 / 04.11.2024
Перуда футболчи ўйин вақтида чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлди
21:55 / 22.10.2024
Перу собиқ президенти Алехандро Толедо пора олгани учун 20 йилга қамалди
23:36 / 11.10.2024