Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев иқтисодчи Отабек Бакировдан энергетика инқирози борасида интервью олди. Kun.uz иқтисодчининг муаммо илдизига оид билдирган фикрларини келтиради.
«Йиллар давомида ишлаб чиқариш ўсмаган»
— Энергетика кризиси бир кунда юзага келмаган, бунга бир неча йиллар ва хатолар сабаб бўлган. Ўзбекистонда энергетика соҳасида 2003-2004 йилдан бошлаб газ қазиб чиқариш ҳам, электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳам умуман тўхтаган. Агар ҳисоблайдиган бўлсак, 19 йилдан бери деярли ўсиш кузатилмаган, 62-64 млрд куб атрофида газ қазиб олинган, электр генерацияси 56-58 млрд кв/соат атрофида ишлаб чиқарилган. 2018-2019 йилларгача шу меъёр ушланган.
Аҳоли ва саноат ўсиб, ишлаб чиқариш ўсмаган. Аҳоли жон бошига электр энергияси генерацияси турмуш шароити ва иқтисодий ўсишга пропорция даражасида бўлмаса ҳам, юқори корреляция даражасида боғлиқ.
Ўзбекистон мисолида шу нарса 2017 йилгача ишламаган. 2017 йилдан кейин янги сиёсат бу асосий нарса эканини тушуниб етди. Ўзбекистон олдига жуда катта мақсадлар – очиқ бозорга қараб юриш, дунё иқтисодиётига интеграция кабилар қўйилди. Буларнинг ҳеч бирини энергетика ислоҳотисиз амалга ошириб бўлмайди.
Бугунги муаммолар энергетика соҳасида айрим масалаларни ечишда орқада қолиб кетганимиз сабабли юзага келмоқда.
«Соҳага инвестициялар жалб қилинмаган»

— Энергетика соҳасида инвестициялар етарли эмасди. Узоқ йиллар давомида статистика бўйича иқтисодий ўсиш юз берган, аммо электр энергияси ва газ ишлаб чиқариш ўсмаган, бунга пул ҳам тикилмаган. Қазиб олишга ҳам, генерацияга ҳам, геологик қидирув ишларига ҳам пул тикилмаган.
Бу муаммо 2017 йилдан бошлаб ечилди. Агар биз ташқи қарзимиз ва инвестицияларнинг умумий миқдорини оладиган бўлсак, нефт, газ ва электр энергетика генерациясига энг катта инвестициялар ва қарзлар жалб қилганмиз. Бу масала ечилиши бошланди. Энергетика соҳаси раҳбарлари ҳам йўқотишлар инфратузилма билан боғлиқ эмаслигини айтмоқда.







