Ўзбекистон | 13:06 / 20.12.2022
20851
2 дақиқада ўқилади

Газ қазиб чиқаришга олдин берилган барча лицензиялар қайта кўриб чиқилади — Шавкат Мирзиёев

Газ захираларини кўпайтириш мақсадида геология-қидирув ишлари бўйича ўн йиллик дастур қабул қилинади.

Президент парламентга мурожаатида энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишда шошма-шошарлик билан қарор қабул қилинмаслиги, лекин одамларни рози қилиб, эркин бозор йўналишига ўтилишини таъкидлади.

«Уй, ишхона, боғча, мактаб ва кўчаларда одамларимизга энергиянинг қадрига етиш, уни тежашни ўргатиш керак. Қонунларимизда ҳам бу масалаларни мустаҳкамлаш зарур.

Шу билан бирга, кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кескин оширилади. 

Мисол учун, Тошкент вилоятида Олмалиқ, Бекобод комбинатлари ва бошқа йирик корхоналар ўз эҳтиёжлари учун 1 минг мегаваттли қуёш электр станцияларини ўрнатса, йилига 2,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилади.

Бу орқали, Тошкент вилоятининг қарийб 30 фоиз электр истеъмоли таъминланади ва 500 миллион куб метр газ тежалади.

Худди шундай, бошқа вилоятлар ҳам, ҳисоб-китобларини қилиб, келгуси йил учун аниқ режаларини белгилаб олиши керак. 

Шу билан бирга, республиканинг ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими ҳам ўз ҳудудидаги хонадон ва корхоналарда жами 5-10 мегаваттли қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириши шарт», — деди Мирзиёев.

Газ захираларини кўпайтириш мақсадида геология-қидирув ишлари бўйича ўн йиллик дастур қабул қилинади.

«Бунда, янги технологияларни жорий этиб, илк бор чуқур қатламларда (6 километрдан кўп) газ қазиб чиқариш ишларини бошлаймиз.

Ҳеч қачон 6 километрдан пастга тушмаганмиз. Энди тушяпмиз, имконият катта, газ бор. Лекин уни қазиб олиш қиммат. 

Жумладан, Устюртнинг юқори истиқболга эга чуқур қатламларида қидирув ишларига нуфузли хорижий инвесторлар жалб қилинади. 

Газ қазиб чиқаришга олдин берилган барча лицензиялар қайта кўриб чиқилади, самарасиз ишлаётган корхоналар бўйича тегишли чоралар кўрилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид