600 метр чуқурликдаги шахтага саёҳат
12 йилдан бери ер қаърида ишлаётган кончи, 100 йилга етадиган кон захираси, дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларига экспорт қилинадиган минерал ўғит. Буларнинг барчасини ўзида жамлаган Қашқадарёнинг чекка қишлоғидаги йирик корхона ва “Тепақўтон” конидан эксклюзив репортаж.
Қашқадарё вилоятида жойлашган 12 йиллик тарихга эга Деҳқонобод калий заводига пресс-тур ўтказилди. Заводдан 42 км узоқликдаги Ҳисор тоғ тизмаси этакларида жойлашган тоғ-кон мажмуасига қилган саёҳатимиз пресс-турнинг энг қизиқ қисми бўлди.
Биз 600 метр чуқурликка тушиш учун махсус транспортда қарийб 6 км шахта йўлини босиб ўтдик. У ерда кон очилгандан бери иш кунининг 8 соатини ер қаърида ўтказадиган қаҳрамонимиз Шавкат Сафаровнинг фаолияти билан танишдик. У ҳозирда комбайн машинисти сифатида коннинг шимолий қисмини ўзлаштириш лойиҳасида қатнашяпти.
“Бу ерда кончилар бир оиладек, бир-биримизнинг ишимизни тўлдириб меҳнат қиламиз. Асосий ишимиз руда қазиб чиқариш, ҳозирги кунда коннинг захирасини кенгайтириш учун янги панел очиш устида ишлаяпмиз. Конга 45 км узоқликдан қатнайман. Ишга келиб-кетишимиз учун автобус қўйилган”, - дейди у.
Маълумот берилишича, кон захираси 100 йилга етади. У ерда 182 нафар кончи меҳнат қилади.
“Йилига кондан 2 млн 100 минг тонна сельвинит рудаси қазиб чиқаришимиз керак. Шунга эришиш учун шахтанинг 9 панелида ҳамда шимолий қисмида ўзлаштириш ишлари олиб бориляпти. Ҳозирги кунда кунлик 900 минг тоннадан маъдан қазиб чиқаряпмиз”, - дейди тоғ-кон мажмуаси бошлиғи Одил Сафаров.
Кончилар меҳнати билан қазиб чиқарилаётган хомашё Деҳқонобод калий заводиига узлуксиз етказилади. Заводда соатига 180 тонна хомашё қайта ишланади. Рудадан калий ўғитини ажратиб олишдек қизиқ ва мураккаб жараён билан завод бош технологи Шамсиддин Холмуродов таништирди.
“Завод тегирмонида сильвинит рудаси 1 мм ҳажмда майдаланиб, саралаб олингач, флотация жараёнига узатилади. Кейин уларга кимёвий реагентлар берилгач, маъдан лой-шламлардан тозаланиб, чўкма ҳосил қилади. Шундан сўнг калий хлор маъданларини ўзига бириктириб, кўпик билан юқорига олиб чиқувчи йиғувчи реагент берамиз. Шу тарзда босқичма-босқич калий хлорни ажратиб оламиз”, - дейди у.
Деҳқонобод калий заводида ўтган давр мобайнида 3 млн тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шундан 2 млн 100 минг тоннаси дунёнинг 30 дан зиёд давлатларига экспорт қилинди. Бугунги кунда завод ўз йўналиши бўйича Марказий Осиёда йирик корхона ҳисобланади. Биринчи босқичда ишлаб чиқариш қуввати йиллик 200 минг тонна бўлган корхона ишга туширилган бўлса, иккинчи босқичда йиллик 400 минг тонна ҳажмга эга қайта ишлаш мажмуаси фойдаланишга топширилган. Деҳқонобод калий заводи АЖ бошқарув раиси Раҳмат Усаровнинг айтишича, ҳозирги кунда маҳсулот ишлаб чиқаришда самарадорликка эришиш учун соҳада 100 йиллик тажрибага эга энг йирик компания - Россиянинг “Уралхим” АЖ билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
“Россиянинг “Уралхим” компанияси билан келишган ҳолда 2023 йилнинг декабрь ойида ҳар бир йўналиш бўйича мутахассисларимизни Россияга бир ойлик ўқишга юбормоқчимиз. Бу компания билан шу йилнинг апрель ойидан бери ҳамкорлик қиляпмиз. Ҳозирги кунда биргаликда чиқиндига чиқиб кетаётган калийни 3,8% дан 3% га туширдик. Натижада яна 5 минг тонна маҳсулот омборга келиб тушди”, - дейди бошқарув раиси.
Шунингдек, жамият раҳбарияти ишлаб чиқаришда электр энергеясини тежаш чораларини ҳам кўрмоқда. Шу йилнинг иккинчи ярмида завод ҳудудига 280 кВт қуёш панеллари ўрнатилди. Натижада йил якунигача 150 кВт электр энергияси тежашга эришилади. Бундан ташқари «Ўзкимёсаноат» АЖ ташаббуси билан «Деҳқонобод калий заводи» ҳомийлигида шу пайтгача электр энергияси етиб бормаган Консой қишлоғига электр токи етказиб берилди.
Пресс-турда завод транформацияси бўйича ҳам маълумот берилди. Маълумки, «Ўзкимёсаноат» АЖ йирик корхоналари қаторида Деҳқонобод калий заводи ҳам босқичма-босқич хусусийлаштирилади. Завод бошқарув раисининг айтишича 2023 йилнинг иккинчи чорагида завод акцияларининг сотувга қўйилиши бўйича эълон берилган. Бунинг учун ҳозирда сильвинит захирасини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
11:38 / 26.11.2020
“Ўзкимёсаноат” “Деҳқонобод калий заводи” қурилишида қатнашган ишчилар маоши бўйича баёнот берди
16:17 / 25.11.2020
Деҳқонобод калий заводи қурилишида қатнашган юзлаб ишчилар етти йилдан бери маошини ололмаяпти. Аксинча, уларни «формалилар» қўрқитяпти
12:21 / 02.11.2020
Деҳқонобод калий заводига саёҳат: бу ерда руда 300 метрдан зиёд чуқурликдан қазиб олинади
17:18 / 03.07.2018