Ўзбекистон | 07:56 / 28.12.2022
10204
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Сув кодекси лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистон Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Кодекснинг мақсади сувга доир муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қуйидагилар кодекснинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва экология тизимларини сув билан барқарор таъминлаш;
  • сувни ифлосланиш, булғаланиш ва камайиб кетишдан муҳофаза қилиш, сувга зарарли таъсирнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш,  сув объектлари ҳолатини яхшилаш, аҳоли ва атроф муҳит учун сувдан фойдаланишнинг экологик хавфсиз даражасига эришиш ҳамда уни сақлаш;
  • сув ресурсларини иқлим ўзгаришини инобатга олган ҳолда оқилона бошқариш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш;
  • давлат-хусусий шериклик муносабатларини ривожлантириш учун шароитлар яратиш, сувдан фойдаланувчилар ва хусусий секторга сув хўжалиги объектларининг бир қисмини бериш, бошқа бозор механизмларини ривожлантириш;
  • юридик ва жисмоний шахсларнинг сувга доир муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • сув хўжалиги масалалари бўйича давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш.

Сув объектлари ёки уларнинг қисмлари сувдан фойдаланиш объектлари бўлиши ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат-хусусий шериклик принциплари асосида фойдаланишга берилиши мумкин, сув омборлари, сел-сув омборлари, шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектлари бундан мустасно.

Сув объектлари танҳо ёки биргаликда фойдаланишда бўлиши мумкин.

Қонунчиликда белгиланган тартибда юридик ёки жисмоний шахсларга бутунлай ёки қисман фойдаланишга берилган сув объекти танҳо фойдаланиладиган сув объектидир.

Танҳо фойдаланишга берилмаган сув объекти биргаликда фойдаланиладиган сув объектидир.

Сув объектлари қонунчиликда белгиланган тартибда сув хўжалиги, санитария назорати, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари билан келишилган ҳолда фойдаланишга берилади.

Сув объектлари сувдан фойдаланувчиларга сув истеъмолчиларининг қишлоқ хўжалиги, ичимлик, даволаш ва маиший эҳтиёжларини, аҳолининг курорт, рекреация ва ўзга эҳтиёжларини, саноат, энергетика, транспорт, балиқчилик хўжалиги ҳамда бошқа давлат ёки жамоат эҳтиёжларини қондириш учун қонунчиликда назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя қилинган ҳолда фойдаланишга берилади.

Оқова сувларни оқизиш учун сув объектларидан фойдаланишга қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ҳамда махсус талаблар ва шартларга риоя қилинган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.

Сув объектларини тақдим этиш шартларига қараб, сувдан фойдаланиш умумий, махсус, алоҳида ва биргаликда фойдаланишга ажратилади.

Мавзуга оид