Янги йил байрами арафасида ташкил этилган “Namangan square” лойиҳасининг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда вилоят сектор раҳбарлари иштирок этиб, янги қуриб битказилган замонавий хонадон эгаларини самимий табрикладилар.
Бирлашган Араб Амирликларининг “MJ Developers” компанияси Давлатобод туманида “Namangan Premium Invest” МЧЖ номи билан рўйхатдан ўтган. Компания туманнинг Ислом Каримов кўчасида, 18 гектар майдонда “Namangan square” кўп қаватли турар жой мажмуасини ўз ичига олган ақлли шаҳарчани қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда.
Бу лойиҳа 50,0 млн доллар миқдоридаги хорижий инвестиция ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган.
“Namangan square” ақлли шаҳарчасини 2026 йилда тўлиқ топшириш режалаштирилган. Лойиҳа Давлатобод туманининг энг қулай қисмида, Наманган халқаро аэропорти ва Президент мактаби яқинида жойлашган.


“Namangan square”да голф майдони ҳам қурилади. 325 минг квадрат метрдан зиёд ҳудудда 2та тижорат ва замонавий кўп қаватли турар жой мажмуаси барпо этилади. Ақлли шаҳарча ҳудудида болалар боғчаси, бошланғич ва ўрта мактаб, бизнес марказ ва замонавий меҳмонхона ҳам қад ростлайди.
Ақлли шаҳарчанинг афзаллик томонларидан яна бири шуки, бу ерда газ, электр энергияси ва сув билан боғлиқ муаммолар бўлмайди.


Шу билан бирга, мазкур лойиҳа Фарғона водийсида ягона ҳисобланади. Чунки ушбу мажмуанинг 40 фоиз ҳудуди яшил майдончалардан иборат бўлади.
2019 йил охирида лойиҳа тасдиқдан ўтиб, қурилиш ишлари бошланган бўлиб, 2020 йил баҳоридан 2021 йил куз фаслига қадар мамлакатимиз ва дунёнинг жуда кўп ҳудудларидаги каби кузатилган карантин давридан кейин компания ўз ишини яна давом эттирди ва ҳозирги кунга келиб компания 9 млн АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағларини ўзлаштирди.





















