Нархлар арзонлашиши мумкинми?

Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизгача туширилиши, албатта, бизнес ва аҳоли учун ижобий сигнал. Бу, идеал шароитда, назарий жиҳатдан, яратилаётган ҳар бир маҳсулот харажатлари 3 фоизга арзонлашаётганини билдиради. Аммо реал ҳолатда нархлар пасайиши мумкинми?

Биринчидан, солиқлар пасайтирилиши эркин рақобат шароитидагина нархлар тушишига олиб келади. Яъни бозорда маҳсулот етказиб берувчи иштирокчилар қанчалик кўп бўлса, кимдир камроқ фойдага рози бўлиб, нархларни босқичма-босқич туширишни бошлаши мумкин. Бу эса қолган етказиб берувчилар учун ҳам нархларни арзонлаштириш учун сигнал беради.

Рақобатли бўлмаган, монополлашган бозорларда эса солиқ юки камайиши сотувчи ва воситачилар маржиналлигини оширишгагина хизмат қилади, холос. Биргина мисол, UzAuto Motors сотувлар бошланган пайтда Chevrolet Onix нархларини ҚҚСсиз келтириб ўтганди. Ваҳоланки, харидорлар шартнома тузаётганида 15 фоизлик ҚҚСни тўлаши шарт. Бироқ 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг 15 фоиздан 12 фоизга тушиши фонида компания сотувдаги автомобиллари нархини арзонлаштиргани йўқ. Ёки Ўзбекистон ҳаво йўллари ва Ўзбекистон темирйўллари чипталари нархини туширмади.

Таклиф чекланган бозорларда компаниялар ҚҚС ставкаларининг ўзгаришига асимметрик тарзда жавоб беришга мойил бўлади. ҚҚСнинг пасайишига жавобан улар ўз нархларини пасайтирмайди, лекин ҚҚС ставкаси кўтарилса, нархларни сезиларли даражада оширади. Бу ерда ноэластик талаб туфайли солиқ юки камайишидан фақатгина ишлаб чиқарувчи фойда кўради. Ушбу ҳолатда солиқлар пасайишининг бирдан бир таъсири бюджет камомадидагина намоён бўлади.

Иккинчидан, ҚҚС пасайиши нархлар ўсишини секинлаштириши, талабни ошириши ва бозор фаоллигини рағбатлантириши ҳам мумкин. Бу даромад эффекти билан боғлиқ. Хусусан, ҚҚС пасайиши истеъмолчилар даромади ошишига олиб келса ва ушбу маблағлар қўшимча харидларни амалга оширишга йўналтирилса, бу иқтисодий фаолликни рағбатлантиради.

Агар нархлар пасайиши истеъмолчиларга сезилмаса, ишлаб чиқариш ва бандлик сезиларли даражада ўсмайди. Давлат рақобатли бизнес муҳитини қўллаш орқали нафақат тадбиркорларни, балки бутун мамлакат аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилаётган бўлади. Нархлар пасайиши аҳолининг тўлов қобилиятини оширади, бу савдо, ўз навбатида, бюджетга тушумлар ҳам кўпайишига олиб келиши керак. Яъни солиқ ставкасини пасайтириш орқали давлат аслида, тадбиркор фойдасига қандайдир суммадан воз кечмайди. Аксинча, шундай қарорлар орқали тадбиркорликни ривожлантиришни кўзда тутади ва шу тариқа бюджетга тушумлар ошишидан умид қилади.

Албатта, ҚҚСни охир-оқибатда истеъмолчи, яъни халқ тўлайди. Аммо ҚҚС ставкаси пасайиши натижасида бу маблағлар тадбиркорлик субъектлари ҳисобида қолади, уларнинг айланма маблағлари кўпаяди. Ҳозирги шароитда ҚҚС пасайтирилишидан нархлар арзонлашишини кутиш қийин, лекин айрим тармоқларда маълум муддат нархлар ўсиши секинлашиши мумкин.