«Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб:
- тадбиркорлик субъектларига молиявий жарималар қўллашда «Биринчи хато учун огоҳлантириш» қоидаси жорий этилади ва биринчи марта қоида бузган, лекин фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, ўзгалар мулкига зарар етказмаган тадбиркорларга жарима қўлламасдан, дастлаб камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади;
- тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 1 йил давомида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади, бундан камерал солиқ текшируви мустасно.
2027 йил 1 январдан 2028 йил 31 декабрга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида ўрта ва йирик тадбиркорлар томонидан ўз фаолиятини аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда солиқ ва йиғимларни тўғри ҳисоблаш ва тўлаш бўйича ташаббус тарзидаги аудитдан ўтказиш ҳамда аудиторлик хулосасини солиқ органи томонидан тан олиш механизми жорий этилади. Бунда:
- аудит ўтказилган давр учун солиқ органлари томонидан солиқ аудити ўтказилмайди;
- аниқланган хато ва камчиликлар 30 кун муддатда бартараф этилганда тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жарималар қўлланмайди;
- мазкур эксперимент доирасида аудит ўтказиши мумкин бўлган ташкилотлар реестри Солиқ қўмитаси томонидан юритилади ва расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади;
- аудиторлик хулосасини тан олиш оқибатида тўланмай қолган солиқ ва йиғимлар аниқланган ҳолатлар бўйича аудиторлик ташкилоти жавобгар бўлади.









