Мурожаатчилардан бирининг айтишича, бу стадионга ҳар куни спортчилар, 1200 нафар бола ва 50га яқин мураббий келиб шуғулланади.

“Бундан ташқари, миллий гвардия, ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати ходимлари – ҳаммаси машғулотларни шу ерда ўтказади, ўзларининг жисмоний ҳолатини шу ерда тиклайди. Бу ерда “Бухоро” футбол жамоаси ўз ўйинларини ўтказади. Биз “Бухоро” жамоаси Суперлигага чиққанида қувонган эдик.

Вилоят ҳокими Хоразмдаги ўйиндан кейин қўллаб-қувватлашни ваъда берган. Бу ҳолатга қандай қарайлик, яна сарсон бўлайликми, бошқа шаҳарларга борамизми? Жамоа тарқаб кетади-ку.

Майли, туристларга жой керак, биламиз, туристик шаҳар ҳам керак, аммо “Арк”дан бошлаб то “Лаби Ҳовуз”гача туристик шаҳарча бор-ку”, дейди у.

Бундан ташқари, у ҳудудда Мотамсаро она ҳайкали жойлашгани, яшил макон доирасида 1500та қимматбаҳо дарахт экилганига урғу берган.

“Булар нима бўлади? Ҳамма нарсани йиқитмоқчимисизлар?

Шунча мураббий чемпионларни тайёрлаяпти, қанча паралампиячилар, чемпионлар бор. Бизни спортдан маҳрум қилмоқчимисиз? Ҳамма шароит туристларга, ўзимизнинг халқ-чи, ёшлар-чи? Шунча ёшларимиз, чемпионларимиз қараб ўтирибди”, – дейди бухороликлардан бири.

Яна бир мураббий стадион 80 йиллик тарихга эгалиги, халқ саломатлигини туристик марказ эмас, стадион сақлашини айтади.

Таъкидлаш лозим, “Бухоро” спорт мажмуасининг катта маблағ сарфлаб таъмирдан чиқарилганига кўп вақт бўлмаган.

Аввалроқ, Олий Мажлис депутати Умида Раҳмонова ҳам спорт мажмуаси бузилишига қарши чиққан эди. “Ҳаммага қадрдон бўлган жойда саёҳатчи ва айрим ажнабийлар учун шаҳарча қуришмоқчи. Маҳаллий аҳоли-чи? Афсуски, шаҳарда аҳолини соғломлаштириш ва югуриш йўлакчалари ҳали етарли эмас”, деганди у.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳри маркази бузилиб, ўрнига туризм маркази қурилиши ҳақида Kun.uz ўз манбаларига таяниб 12 январ куни хабар берган эди.

Бу борадаги режалар ҳукумат раиси ўтказган мажлис баёни билан тасдиқланган. Унга кўра, ёпиқ қарорлар асосида тендерсиз танланган “Enter Engineering” компанияси 32,6 гектар майдонда туризм марказини қуради. Бу ҳудудда Бухоро спорт мажмуаси ҳам жойлашган.