Жаҳон | 18:39 / 14.01.2023
39788
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон президенти «Turkmengaz» раҳбарига қаттиқ танбеҳ берди

Сердар Бердимуҳамедов «Turkmengaz» раҳбарига охирги огоҳлантириш билан қаттиқ танбеҳ берди. Бунинг сабаби батафсил келтирилмаган. 12 январ куни Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб беришни тўхтатган эди.

Фото: AP

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов «Turkmengaz» давлат концерни раиси Ботир Амановга «хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги, ишдаги жиддий камчиликлари учун» қаттиқ танбеҳ берди.

«Қисқа муддатда камчиликларни бартараф этиш бўйича охирги огоҳлантириш билан қаттиқ танбеҳ эълон қилинди», дейилади Туркманистон ТВ эфиридаги Watan ахборот дастурида.

Туркманистон президенти камчиликлар қисқа муддатда бартараф этилмаса, у эгаллаб турган лавозимидан озод этилишини таъкидлаган. Бу сўнгги икки ой ичида Амановга берилган иккинчи танбеҳдир.

Хабарда «Turkmengaz» раҳбари айнан қайси вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги, қандай жиддий камчиликларга йўл қўйгани ҳақида батафсил келтирилмади.

Эслатиб ўтамиз, 12 декабр куни Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов Ашхободга ташриф буюриб, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан учрашди.

Сафар чоғида Ўзбекистонга қўшимча равишда кунига 20 млн куб метр газ бериш (3 ойда жами 1,5 млрд куб метр) бўйича келишувга эришилган ва шартнома имзоланган эди.

12 январ куни «Turkmengaz» томонидан Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш тўхтатилди. Бунга «Галқиниш» газ конидаги ички коммуникацияларда гидрат тўпланиши сабаб бўлган, деб ёзди Gazeta.uz. Газ етказиб берилишининг қачон тикланиши маълум эмас.

Мавзуга оид