Газ ва электр токидан узилишлар билан тез-тез тўқнашиб турадиган вилоятлардаги аксар ҳудудлар учун бу янгилик эмас. Лекин газ ва электр суткалаб ўчиб қолиши билан камдан кам тўқнашадиган пойтахт аҳолиси саросимага тушиб қолмоқда. Уйлар яхши исимаяпти, овқатлар пишмаяпти. Вазиятдан норози одамлар туман электросет марказларига ток сўраб боргани акс этган видеолар тарқалмоқда.

Масалан, қуйидаги видеода Тошкент шаҳри Учтепа тумани электросет биносига электр берилишини сўраб борган аҳоли вакилларини кўриш мумкин. Унда Учтепа туманининг айрим ҳудудларида 12 -15 соатдан бери электр йўқлиги айтилади.

«Кеча 6дан бери электр токи йўқ… Ҳар сафар келганимизда шунақа ҳолат бўляпти. Муаммони ҳал қилиб беришсин», – деган фуқаролардан бири.

Шу каби вазият Олмазор тумани электросетида ҳам кузатилган.

Шунингдек Юнусобод туманида аҳоли туман электросет биноси эшиги олдига тўпланган. Уйини иситолмаётган аёллар бино эшигини ёриб киришга ҳаракат қилишган.

Кучли босим сабаб пойтахтдаги трансформаторларга юклама ортиб кетган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан бирида Учтепа туманидаги трансформаторлардан бири портлаб кетгани айтилган.

Шайхонтоҳур туманининг Зафаробод ва Оқтепа мавзеларидаги айрим трансформаторлар ҳам юкламани кўтаролмай портлагани ва янгисига алмаштирилаётгани ҳақида видеолар тарқалмоқда.