Бербок: Германия Полшанинг Киевга Leopard танклари етказиб беришига қарши эмас
Варшава Берлинга немис танкларини ўз захираларидан Украинага ўтказиш бўйича расмий сўров юбормади, аммо бу содир бўладиган тақдирда Германия «тўсқинлик қилмайди».
Германия ҳукумати Leopard 2 танкларини Полшадан Украинага етказиб берилишига тўсқинлик қилмайди, деди Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 22 январь, якшанба куни Франциянинг LCI телерадиокомпаниясига берган интервьюсида.
Бербокнинг сўзларига кўра, Варшава Берлинга немис танкларини ўз захирасидан Украинага ўтказиш бўйича расмий сўров юбормаган. Германия ТИВ раҳбари агар Полша расмий Берлин рухсатисиз танклар юборишга қарор қилса нима бўлиши ҳақидаги саволга шундай жавоб берди: «Биздан ҳали сўралгани йўқ, агар сўрашса, биз тўсқинлик қилмаймиз».
«Биз бу танклар нақадар муҳимлигини биламиз ва шунинг учун ҳозир буни ҳамкорларимиз билан муҳокама қилмоқдамиз. Биз ҳаётни сақлаб қолиш ва Украина ҳудудини озод қилиш учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», - дея қўшимча қилди Бербок.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус аввалроқ айтганидек, Украинага Leopard танкини етказиб бериш бўйича қарор ҳали қабул қилинмаган. Вазирнинг сўзларига кўра, бу масала муҳокама қилинган: унинг тарафдорлари ҳам, мухолифлари ҳам бор.
Шу билан бирга, Писториус Германия Мудофаа вазирлигига Leopard танклари паркини қайта кўриб чиқишни буюрди. Гап Бундесверда хизмат кўрсатаётган ва ишлаб чиқарувчиларда бўлган машиналар ҳақида кетяпти. Танклар сонини, шунингдек, уларнинг шериклар жанговар транспорт воситаларига мослигини аниқлаш керак. «Leopard танкларини етказиб бериш бўйича қарор қайси нуқтада қабул қилинишини ҳозирча айта олмаймиз, бироқ иттифоқчилар билан келишувга эришилса, буни тезда қабул қилиш мумкин», деди Писториус.
Писториуснинг 22 январь куни кечқурун ARD телеканали эфирида аниқлик киритишича, танкларни етказиб бериш бўйича қарор «кўп омилларга боғлиқ» ва «федерал канцлер идорасида қабул қилинади». Унинг сўзларига кўра, Украина ҳозир қандай аҳволда эканини ҳамма тушунади ва шунинг учун ҳам «қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар» қарор тез орада қабул қилинади.
«Танклар кераклиги аниқ, Донбасс ва Луҳанск томон ҳужум қилиш керак», деди вазир. Унинг сўзларига кўра, Германия учун, гап бир томондан, иттифоқдошлар – биринчи навбатда, АҚШ билан мувофиқлаштириш ҳақида бормоқда. Шу билан бирга, «ҳужумкор мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган» оғир қуроллар жўнатишлари муҳокама қилинар экан, федерал ҳукумат «ҳамма нарсани диққат билан тинглайди» ва «шошилинч ва бепарво» қарорлар қабул қила олмайди, деди Писториус.
Аввалроқ Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Германия Киевга Leopard 2 танкларини беришга рози бўлмаса, унинг мамлакати Украинани қўллаб-қувватлаш учун Европанинг бошқа давлатлари билан «кичик коалиция» тузишга тайёр эканлигини маълум қилган эди.У ГФРнинг бу борадаги позициясини «қабул қилиб бўлмас» деб атади.
«Россиянинг тажовузкор уруши туфайли ҳар куни бегуноҳ одамлар ҳалок бўлмоқда. Россия бомбалари Украина шаҳарларини вайрон қилмоқда. Фуқаролик объектлари урилмоқда, аёллар ва болалар ҳалок бўлмоқда. Германияга кўзини очиб, қонунга мувофиқ ҳаракат қилишни бошлаш учун яна нима керак?» - деди Полша бош вазири.
Полша расмийлари мамлакат Leopard танкларини Украинага ўз захираларидан ўтказишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган, аммо бунинг учун Германиянинг ушбу ҳарбий техникани ишлаб чиқарувчи давлат сифатида розилигини олиш керак. Шу билан бирга, Германия ҳукумати Полшадан Leopard танкларини Украинага экспорт қилиш бўйича расмий сўров бўлмаганини таъкидлайди.
Мавзуга оид
14:34 / 15.11.2024
Полшада ЙТҲда жабрланган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилди
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
13:14 / 09.11.2024