Россия ҳарбийлари Украина ва Полша чегарасидан бир неча километр масофадаги «Ягодино» назорат-ўтказиш пункти яқинидаги ёқилғи қуйиш шохобчаси ва поездга дронлар билан зарба берди.

Украина нашрлари гувоҳларнинг фото ва видеоларига таяниб хабар беришича, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида кучли ёнғин рўй берган. Унинг атрофида турган юк машиналари ёниб кетган. «Суспильне» маълумотига кўра, икки ҳайдовчи жароҳат олган. Шунингдек, супермаркет биноси шикастланган. «Ягодино» – Украина ва Полша ўртасидаги муҳим автомобил ўтиш нуқталаридан бири ҳисобланади.

РФ қўшини Полша билан чегарадан икки километр масофадаги йўловчи поезд локомотивига ҳам зарба берган. Украина темирйўллари матбуот хизмати хабар қилишича, поезд бригадаси зарба хавфи ҳақида огоҳлантирилганди, шунинг учун қурбонлар бўлмаган.

Украина темирйўллари раҳбари Олександр Персовский таъкидлашича, Россия қўшинлари иккинчи кундирки темирйўл инфратузилмасига – деполар, станциялар ва вагонларга узлуксиз ҳужум қилмоқда.

Россия зарбалари туфайли бутун мамлакат бўйлаб поездлар ҳаракати жадвали бузилган. Айрим йўналишлар 18 соатдан ортиқ вақтга кечиктирилган.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россиянинг Украина-Полша чегараси яқинидаги зарбалари «Путиннинг тўғридан тўғри Европа Иттифоқи ва НАТО эшикларини „тақиллатаётган“ террори» эканини таъкидлади. «Россия варварлари аллақачон дарвозаларингизда, қадрли ҳамкорлар», - деди Сибига. У Европа давлатларини «ўз санкцияларининг бутун кучини Путиннинг тажовузкор режимига қарши» ишлатишга, жумладан, тўлиқ савдо эмбаргоси ва россияликларнинг киришини тўлиқ тақиқлашга чақирди.

Россия мудофаа вазирлиги Украинанинг ғарбий ҳудудларида «Европа мамлакатларидан ҳарбий юкларни ташишни таъминлайдиган темирйўл инфратузилмаси объектлари»га зарбалар берилганини билдирган.