13 сентябрга ўтар кечаси Россия дронлари Украинанинг Полша чегараси яқинида жойлашган бир нечта объектига зарба берди.

Полша Ички ишлар вазирлиги вакили Каролина Галецканинг AFP агентлигига маълум қилишича, дронлардан бири Ягодин шаҳрида, Полша чегарасидан 2 километр масофада жойлашган ёнилғи қуйиш шохобчасига урилган.

Ҳужум оқибатида иккита юк машинаси ёниб кетган.

Бундан ташқари, Волин вилоятидаги Ягодин темирйўл станциясида Киев—Варшава йўналишидаги поезд локомотиви ҳам зарар кўрган.

Ушбу йўналиш бўйича Киевдаги «Ялта Европа стратегияси» (YES) форумида иштирок этган собиқ Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ва бир қатор европалик дипломатлар ҳам ҳаракатланган.

Собиқ Швеция бош вазири Карл Билдтнинг билдиришича, зарба дипломатлар бўлган поездга эмас, ундан бир неча дақиқа кейин ҳаракатланган поездга тўғри келган. Дрон яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирилгандан сўнг йўловчилар эвакуация қилинган ва ҳеч ким жабрланмаган.

Украина темирйўл компанияси — «Укрзалізниця» дроннинг эҳтимолий нишонларидан бири дипломатлар бўлган поезд бўлиши мумкинлигини билдирган. Компанияга кўра, Россия зарбалари хавфи туфайли поездлар жадвали реал вақт режимида ўзгартирилган ва дипломатлар бўлган поезд станциядан режалаштирилганидан олдинроқ жўнаб кетган.

Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Россиянинг НАТО чегаралари яқинида кучайиб бораётган ҳужумларини «эскалация» деб баҳолади.

Полша бош вазири Доналд Туск эса яқин ҳафта ва ойларда Россия томонидан зарбалар янада кучайиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, Варшава эскалация Полша ҳудудига ҳам таъсир қилиши эҳтимолини истисно қилмайди.

Россия Мудофаа вазирлиги эса Украина ғарбидаги темирйўл инфратузилмасига зарбалар берилганини тасдиқлади. Москва версиясига кўра, нишонга олинган инфратузилмадан Европа давлатларидан ҳарбий мақсаддаги юкларни ташиш учун фойдаланилган.