Жаҳон | 18:54 / 02.02.2023
5503
2 дақиқада ўқилади

Австрия россиялик тўрт нафар дипломатни чиқариб юборишини эълон қилди

Уларга 8 февралга қадар мамлакатни тарк этиш буюрилган.

Фото: AP

Австрия россиялик тўрт нафар дипломатни «персона нон грата» деб эълон қилди. Австрия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, улар бир ҳафта ичида мамлакатни тарк этиши керак.

Агентлик маълумотларига кўра, қарор Россия элчихонасининг икки ходимига тегишли. Улар «дипломатик мақомга тўғри келмайдиган ҳаракатлар»да айбланган. Улардан ташқари Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси икки дипломати ҳам «персона нон грата» деб эълон қилинди. Улар, деб ёзади Ташқи ишлар вазирлиги, Вена шаҳрида «штаб-квартира келишувига мос келмайдиган ҳаракатлар» қилган.

Россия дипломатлари 8 февралгача Австрияни тарк этиши керак. Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча вазиятга изоҳ бермади.

2 феврал куни суриштирувчи журналист ва Bellingcat раҳбари Христо Грозев хавфсизлигига эҳтимолий таҳдид туфайли 20 йилдан бери яшаб келган Венани тарк этди. Унинг сўзларига кўра, «шаҳарда полициячилардан кўра рус агентлари ва информаторлари кўпроқ».

2022 йил апрел ойида Австрия Россия элчихонасининг уч ходимини ва Залцбургдаги бош консуллигининг бир ходимини мамлакатдан чиқариб юборди. Бунга жавобан Россия ТИВ Австрия элчихонасининг тўрт нафар ходимини чиқариб юборган эди.

2023 йил январ ойи охирида Литва Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Габриелиус Ландсбергис Европа Иттифоқи давлатларини Россия элчиларини чиқариб юборишга чақирди. Бунгача Эстония ва Латвия Россия билан дипломатик алоқаларни узган эди. Литва буни 2022 йил апрел ойида амалга оширди.

Мавзуга оид