Kun.uz қишлоқ хўжалиги кооперативлари бугуни ва эртаси ҳақида соҳа мутахассислари билан суҳбат қурди.

Шокир Шарипов (мухбир): 2022 йилда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги кооперативлари пайдо бўлди. Катта янгилик биз учун, негаки, ўтган асрдаги октябр инқилобидан бери деҳқонларимиз мустақил эмас. 1991 йилда давлат мустақилликка эришди, лекин деҳқонлар эмас. Янги маъмурият даврида, яъни 2016 йилдан бошлаб ислоҳ қилишга киришилди ва баъзи ишлар қилинди. Бу ишларнинг самараси ўлароқ энг асосийси деҳқонлар ҳақ-ҳуқуқларини таний бошлади. Айнан ҳақ-ҳуқуқларни билиш ривожланишга олиб келади. Ва айнан ҳуқуқларни таниш қишлоқ хўжалиги кооперативлари юзага келишига омил бўляпти – деҳқонлар кўнгилли равишда бирлаша бошлади. Аммо афсуски, бу жараёнга қаршиликлар бўляпти.

Аввало бир саволга жавоб берайлик: фермерларни қишлоқ хўжалиги кооперативларига бирлашишга нима мажбур қилади?

Мансуржон Расулов (USAIDʼда агробизнес лойиҳасини ривожлантириш бўйича мутахассис): Қисқа қилиб айтганда, имкониятларни кенгайтириш. Бу дегани янги бозорларга чиқиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг нархини белгилаш. Нарх белгилаш деганда, маълум бир сотиб олувчи компания белгилаётган нарх эмас, ишлаб чиқарувчилар белгилаган нархда сотиш имконияти юзага келади. Бу фақат бир томони, имкониятлари кўп.

Камолиддин Икромов (“Агробизес ассоциацияси” жамоат ташкилоти раҳбари): Ҳозирги воқеликдан келиб чиқадиган бўлсак, фермерлар бирлашса, биржадан ёқилғи ва ўғитларни арзон олиш имкониятига эга бўлади, юрист, бухгалтер – ҳаммаси арзонга тушади. Уларда танлов имкониятлари ҳам юзага келади. Эркин бирлашишади ва эркин ҳаракат қилишади. Маҳсулотларини биржага олиб чиқиб, ўзлари сотишади.

Абдувоҳид Якубов (ҳуқуқшунос, тадбиркор, фермер): Техника масаласида ҳам имкониятлар пайдо бўлади. Ҳозирда қишлоқ хўжалиги техникалари бир неча млрд сўм туради. Бир кишининг сотиб олиш ва гаров имкониятлари етмайди, лекин кўпчиликники етади. Бошқа томонлари ҳам бор. Дейлик, ҳар битта фермер алоҳида ҳисобчи олиши шарт бўлмайди ёки чет эллик инвестор жалб қилишда ҳам кооперативларнинг имконияти ошади.

К.Икромов: Дейлик, мева-сабзавотчилик билан шуғулланувчи фермерлар бўлса, бирлашиб музлаткичлар қуриши мумкин. Албатта, бир кишига моддий томондан оғирлик қилади бу. Бу билан маҳсулот нархи ошган пайтда сотиш ва экспорт имконияти пайдо бўлади уларда. Дейлик, юқорида айтилгандек, ўғит ёки ёқилғини бир нечта фермер бирлашиб биржадан олса, арзонга тушади. Бир ўзи бўлса, тадбиркордан олишига тўғри келади ва ортиқча маблағ сарфлайди.