Ўзбекистоннинг узоқ ва яқин иқтисодий тарихи нималардан сўзлайди?
Сўнгги декадаларда Ўзбекистон аҳолисининг сони, жон бошига ЯИМ, сўмнинг долларга нисбатан қадри, солиқ ставкалари ва туризмдан тушумлар – Kun.uz Ўзбекистоннинг узоқ ва яқин иқтисодий тарихига оид статистик рақамларга назар ташлади.
Аҳоли сони (1920-2023 йиллар)
Сўнгги 100 йиллик маълумотларга юзланадиган бўлсак, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 1920 йилда Ўзбекистон аҳолиси 4,4 млн киши, 1930 йили 4,9 млн киши, ўтган 50-йилларда эса 5-8 миллион нафар атрофида бўлган. 10 миллионлик марра 1965 йилда забт этилган. Шундан сўнг аҳоли сонининг ўсиш тезлиги 4 дан 3 фоиз атрофига секинлашиб, 1989 йилда 20 млн нафарга етган.
30 млн кишига эса 25 йил ўтиб, 2014 йилда эришилган. Рақамлардан кўриш мумкинки, гарчи йилдан йилдан аҳоли сони ошиб бораётган бўлса-да, сўнгги 15 йилда ўсиш тезлиги 2 баравар секинлашган (1,5 фоиз атрофида).
2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 36 млн кишини ташкил этган Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси прогнозларга кўра, 2035 йилда 40 млн, 2075 йилда 50 млн нафардан ошади.
Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот (1990-2021 йиллар)
Мустақилликнинг илк 5 йилида аҳоли жон бошига ЯИМ миқдори камайиб борган– 651 дан 586 АҚШ долларигача. 1996-2006 йилларда ҳам бу кўрсаткич 300-600 АҚШ доллари атрофида бўлган.
Бу даврдан сўнг токи ҳозирги даврга қадар ЯИМнинг аҳоли жон бошига кўра қиймати фақат ўсиб келяпти.
Суратда 2016 йилдан кейин ЯИМ ҳажми кескин тушиб кетгандек кўринади. Бунинг сабаби эса 2017 йил сентябрь ойидан бошланган валюта курсини шакллантиришнинг бозор механизми жорий этилиши бўлиб, ўшанда валютанинг “қора бозор” ва давлат курси бир-биридан 2 бараварга фарқ қиларди. Эркин конвертацияга ўтилгандан сўнг мамлакатда ягона валюта сиёсати йўлга қўйилди. Бундан келиб чиқиб, суратдаги диаграммалар кўзни чалғитгани билан аслида аҳоли жон бошига ЯИМнинг мунтазам ўсаётгани ифодаланган.
Валюта бозори (2010-2022 йиллар)
Ўзбекистон валюта бозори 2017 йил 5 сентябргача ва ундан кейинги даврни ўз ичига олади. 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорининг қабул қилиниши билан “қора бозор” ва расмий курснинг 2 баравар фарқланишига барҳам берилиб, юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш ҳамда ўз маблағларини ўзининг хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш имкони яратилди.
Мавжуд маълумотлар асосида 2010-2016 йиллар кесимига назар ташласак, 1 АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан қиймати катта фарқлар билан ўсиб борган. Ҳатто, 2015 йилда ўзбек сўми қарийб 16 фоизга қадрсизланганини кўриш мумкин. “Доллар ошиб кетибди” деган гапларни эшитиш одатий ҳол эди.
Солиқ (2006-2024 йиллар)
Trading economics экспертлари баҳосига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг даромад солиғи ставкаси 2006 йилдан 2022 йилгача ўртача 21,19 фоиз бўлган. 2006 йилда 29 фоизли энг юқори, 2020 йилда эса рекорд даражадаги энг паст кўрсаткич – 12 фоизни ташкил этган.
Таҳлилчиларнинг тахмин қилишича, Ўзбекистонда даромад солиғи ставкаси 2023-2024 йилларда ҳам 12 фоизда сақланиб туради.
Туризм (1996-2004; 2014-2020)
Macrotrends тадқиқотчиларига кўра, Ўзбекистонда Халқаро туристик тушумлар 2016 йилдан бошлаб кўтарила бошлаган. Тадқиқотлар халқаро сайёҳларнинг харажатлари, шу жумладан, халқаро қатновлар учун тўловлар, квитанцияли товар ва хизматлар асосида олиб борилган.
Ўзбекистонда сайёҳлар учун чек, квитанцияларсиз кўрсатилган хизматлар сабабли бу рақамлар асл кўрсаткичлардан фарқ қилиши мумкин.
Маданият ва туризм вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда туризм экспорти:
- 2020 йилда 261 млн доллар;
- 2021 йилда 422 млн доллар;
- пандемия таъсиридан чиққан 2022 йилда 1 млрд 610 млн долларни ташкил этган;
- 2023 йилда бу кўрсаткични 2 млрд долларга чиқариш мақсад қилинган.
Сардорбек Усмоний
Мавзуга оид
21:11 / 19.12.2024
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари эълон қилинди
13:44 / 21.11.2024
2025 йилда бюджет тақчиллиги қандай қопланади?
11:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда бу йил ЯИМ ҳажми 110 млрд долларга етиши кутилмоқда
17:42 / 14.11.2024