Президент Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги йиғилишда миллий статистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича режалар кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, тадбиркорлар тақдим этадиган ҳисобот юкини 20 фоизга қисқартириш, маъмурий ва муқобил маълумотлар манбалари сонини 1,7 баробар ошириш, уларга ишлов бериш вақтини 20 фоизга ва харажатларни 25 фоизга камайтириш мақсад қилинган.
Маълумотларни бошқариш бўйича ягона ёндашувни шакллантириш мақсадида вазирлик ва идоралар иштирокида Маълумотларни бошқариш комиссиясини ташкил этиш таклиф қилинди.
Комиссия жорий йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотларидаги маълумотларни бошқариш тизимларини тўлиқ хатловдан ўтказади, 2027 йил 1 майгача уларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди.
2027 йил 1 июлга қадар Миллий маълумотлар платформасини ишга тушириш режалаштирилган. Платформа маълумотларни ягона тизимга интеграция қилиш, уларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, таҳлил ва замонавий рақамли хизматларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Очиқ маълумотлар билан ишлаш бўйича лойиҳа офисини ташкил этиш ва давлат идоралари учун “Очиқ маълумотлар рейтинги”ни жорий қилиш таклиф этилди.
Статистика соҳасида кадрлар тайёрлаш ва тадқиқотларни кенгайтириш мақсадида Маълумотларга асосланган бошқарув мактабини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унда давлат идоралари, бизнес, статистика органлари, оммавий ахборот воситалари, тадқиқотчилар ва талабалар учун маълумотларни бошқариш, бизнес-таҳлил, сунъий интеллект, маълумотлар журналистикаси ва визуализация бўйича ўқув дастурлари йўлга қўйилади.

Миллий статистика тизимида рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳам кенгайтирилади. 2027 йил 1 июлга қадар статистик маълумотлар сунъий интеллект тизимлари ўқий оладиган форматларда эълон қилинади. Статистик кўрсаткичларни таққослаш ва чуқур таҳлил қилиш имконини берувчи сунъий интеллект агентлари жорий этилади. 2027 йил якунига қадар аҳоли, демография, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва ҳудудий ривожланишга оид маълумотлар геофазовий рақамли хариталарда акс эттирилади.
Шунингдек, 2027-2028 йилларда Мультииндикатор кластер кузатувининг еттинчи раундини ўтказиш ҳамда Халқаро валюта жамғармаси иштирокида миллий статистика тизимининг халқаро стандарт ва кодексларга мувофиқлигини баҳолаш режалаштирилган.







