Сўнгги маълумотларга кўра, Туркия ва Сурияда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 19 700 дан ошди. Туркия ҳукуматининг 9 феврал куни берган сўнгги маълумотларига кўра, 16 546 киши ҳалок бўлган (яна 66 мингдан ошиқ киши жароҳат олган). Сурияда эса маҳаллий расмийлар ва ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, 3 247 киши ҳалок бўлган (яна камида беш минг киши яраланган). Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти зилзила оқибатлари четлаб ўтмаган инсонлар сонини 23 миллион кишига баҳолаган; шундан 1,4 миллион нафари болалар.

Қурбонлар орасида камида бир нафари ўзбекистонлик. Туркияда иш олиб бораётган Ўзбекистон ФВВ бўлинмалари Ҳатай вилоятида бир ўзбекистонликнинг жасади топилгани ҳақида хабар берган, 13 нафар бедарак кетган ўзбекистонлик қидирилмоқда. Ўзбекистонлик қутқарувчилар шу вақтгача харобалар остидан 13 кишини тирик ҳолда қутқаришган, 50 кишининг жасадини топишган. Ўзбекистонга қайтган бортда 11 ўзбекистонлик олиб келинган.

6 феврал тонгида рўй берган 7,8 магнитудали ер силкиниши сўнгги 10 йилликда дунёда рўй берган энг йирик зилзила бўлди. Туркия расмийларига кўра, биринчи зилзила эпимаркази Сурия билан чегара яқинидаги Ғозиантеп шаҳридан шимоли-ғарбда жойлашган. Шу куни кун давомида яна ўнлаб афтершоклар кузатилди, куннинг иккинчи ярмида эса Ғозиантепдан шимолроқда, Қаҳрамонмараш шаҳри яқинида 7,5 балли иккинчи зилзила рўй берди. Зилзилалардан кейин 1200 дан ортиқ афтершоклар кузатилди.

Сурия ва Туркияга дунёнинг 19 мамлакатидан 80 мингдан ошиқ қутқарувчилар ёрдам учун йўл олди (жумладан Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан ҳам). Аммо шунга қарамай, қутқарувчилар етишмаяпти, уларнинг ишини эса совуқ ва қорлар қийинлаштирмоқда. Зилзиладан кейин 72 соатдан ортиқ вақт ўтди, бу омон қолганларни қидириб топиш учун муҳим бўлган «олтин давр» ҳисобланади, аммо ҳамон харобалар остидан омон қолганлар олиб чиқилмоқда. Хусусан, Қаҳрамонмараш шаҳрида 80 соат давомида вайроналар остида қолиб кетган тўққиз ёшли қиз ва унинг отаси қутқарилди. Жаҳон нашрларида кенг тарқалган яна бир қутқариш ҳолати — Сурияда харобалар остидан киндиги узилмаган чақалоқнинг олиб чиқилиши бўлди, унинг онаси зилзила оқибатида ҳалок бўлган.