Учрашувда Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон барча нефт ва газ конларига тегишли эксклюзив ҳуқуқ Россияга берилгани ҳақидаги маълумотни рад этди.
“Бу – умуман асоссиз, ёлғон, нотўғри талқин қилинган маълумот. Эксплуатациядаги конларнинг асосий қисми “Ўзбекнефтгаз” компаниясида”, – деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, 35 йиллик эксклюзив ҳуқуқ фақатгина Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” номли конга тааллуқли.
“Ўзбекистонда ҳозирги кунда 250 дан ортиқ нефт ва газ конлари бўлса, бу – шу конлардан биттаси. Ҳозирги кунда инвесторлар томонидан тўлиқ ўзларининг ҳисобидан – бюджетдан харажат ёки давлат кафолати йўқ – юз фоиз инвесторлар ҳисобидан амалий ишлар олиб бориляпти”, – деди Мирзамаҳмудов.




Вазирнинг айтишича, кондан олинган фойдани инвестор ва давлат ўзаро 50/50 нисбатда тақсимлашга келишган. Битим кучга кирганидан бошлаб 35 йил давомида амал қилади.
“Нимага 35 йил деган савол туғилиши мумкин. Биздаги маҳсулотни тақсимлаш битимларидан 5 тасининг муддати 25 йилдан 42 йилгача. Масалан, Қандимдаги кон бўйича “Лукойл” билан битим муддати – 42 йил, сабаби бунинг 8 йили геологик қидирув ишларини ўз ичига олади.
“Мустақилликнинг 25 йиллиги” (аввалги номи “Гаджак”) кони бўйича шартнома 35 йилга тузилган, шундан 8 йили – геологик қидирув ишлари”, – деди у.
Энергетика вазирлиги раҳбари келишув нусхасини кўрсатар экан, тақдим этилган эксклюзив ҳуқуқ фақатгина шартномада белгиланган лойиҳа ҳудудига тааллуқли бўлиши ҳақидаги бандни келтириб ўтди. 2017 йил апрелдаги келишувга Ўзбекистон Республикаси номидан собиқ бош вазир ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов имзо қўйган.


















