Равил Абдуқодиров бош вазирнинг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати бошқарувчиси лавозимидан озод этилди.
Абдурашид Жўрабоев бош вазир котибияти раҳбари лавозимига тайинланди. У 2019 йил сентябрдан буён президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Бу тайинловлар ҳақида 14 феврал куни “Нигоҳ” Telegram-каналида хабар берилди.
11 февралда Бахтиёр Ҳасанов пенсияга чиқиши муносабати билан бош вазирнинг матбуот котиби лавозимидан озод этилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил бошидан Ўзбекистон ҳукуматида маъмурий-тузилмавий ўзгаришлар рўй берди. Ижро ҳокимияти тизимидаги 86 та вазирлик ва идора 70 тага қисқартирилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасидаги штатлар сони 269 тадан 120 тага қисқарди.
Вазирлар Маҳкамаси аппарати ўрнига ҳукумат раҳбарининг фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилинди.
















