Табиий офатдан тўққиз кун ўтиб, чоршанба куни Қаҳрамонмараш вилоятида икки аёл вайроналар остидан олиб чиқилди.
Аёллардан бири – Жамила Кекеч 74 ёшда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда уни чиқариб олган қутқарувчилар шодликдан бир-бирини қучаётгани ва олқишлаётганини кўриш мумкин. У билан бирга унинг 42 ёшли қизи Малика Имомўғли ҳам қутқарилган.
«Биз зилзиладан кейинги 226-соатда гуруҳларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан 74 ёшли аёл Жамила Кекечнинг вайроналар остидан тирик ҳолда олиб чиқилишига гувоҳ бўлдик», дея ёзди фейсбукида ушбу видеони илова қилган Дарижа шаҳри мэри Музаффар Байик.
Ундан олдинроқ харобалар остидан 46 ёшли яна бир аёл олиб чиқилганди.
Туркия ва Сурияда қурбонлар сони 41 мингдан ошган. Миллионлаб омон қолганлар ва жабрланганлар инсонпарварлик ёрдамига муҳтож - уларнинг кўпчилиги совуқ қиш кунларида бошпанасиз қолмоқда.

Фото: MUZAFFER BIYIK/FACEBOOK
Касаллик таҳдиди
Эндиликда расмийлар ва қутқарувчиларнинг асосий эътибори омон қолганларга қандай ёрдам беришга қаратилган. Зилзилалардан бирининг эпимаркази бўлган Қаҳрамонмарашда омон қолганлар стадионда ўрнатилган палаткали шаҳарчада яшамоқда.
Шаҳар инфратузилмасининг катта қисми бузилиб кетган, расмийлар ва шифокорларнинг асосий вазифаси эса касаллик тарқалишига йўл қўймаслик ҳисобланади.
«Биз зилзиладан буён ювина олганимиз йўқ», дейди 21 ёшли талаба-дизайнер Муҳаммад Амин.
Қаҳрамонмараш стадионидаги лагерда жами олтита ҳожатхона мавжуд. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Туркиядаги вакили Ботир Бердиқиличев жабрланган ҳудудларда сув етишмовчилиги инфекцион касалликлар авж олиши хавфини ошириши тўғрисида огоҳлантирган.
Зилзиладан жабрланган бошқа бир шаҳар – Искандарунда махсус жиҳозланган паромда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш билан машғул фармацевт Жин Ўзсайгили ҳам яқинлашиб келаётган эпидемия ҳақида гапиради.
«Биз вабо ва ич терлама авж олишини кутяпмиз. Бунинг олдини олиш учун тезлик билан чиқиндиларни олиб кетиш, тозалаш ва кальцификация ўтказиш зарур, аммо ҳозирда бу имконсиз иш. Биз имкон қадар [касалликлар тарқалишининг олдини олишга] ҳаракат қиламиз», деган у.









