Ўзбекистон раҳбари кўҳна ва бетакрор Миср заминида Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирди. Миср раҳбарияти ва халқининг улкан ютуқлари Ўзбекистонни хурсанд қилаётганини айтди.
Бўлиб ўтган музокаралар чоғида етакчилар икки мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар - Янги Ўзбекистон стратегияси ва Мисрнинг «Янги Республика» дастури бир-бирига ҳамоҳанг экани, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар уйғунлиги тўғрисида якдил фикр билдирди.
«Биз президент жаноблари билан очиқ, дўстона ва амалий руҳда ўтган мулоқотимиз давомида кенг кўламли ҳамкорлигимизни ривожлантиришни муҳокама қилдик. Қарашларимиз, йўналишларимиз бирлигини тасдиқлади. Сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар, хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш соҳаларида кўп қиррали алоқаларимизни кенгайтириш масалалари бўйича ҳам келишиб олдик.
Ташриф доирасида газ-кимё, текстиль, электротехника, фармацевтика, заргарлик каби истиқболли соҳаларда саноат кооперациясини йўлга қўйиш ҳар икки томон учун ҳам бирдек манфаатли бўлишини алоҳида қайд этдик. Мана шу фурсатдан фойдаланиб, мисрлик ҳамкорларимизга ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишлари учун юртимизда барча шарт-шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигимизни яна бир бор сизнинг ёнингизда ҳам айтиб ўтмоқчиман.
Албатта, халқларимизни умумий дин, ўхшаш қадриятлар ва азалий дўстлик ришталари чамбарчас боғлаб туради. Бугун икки биродар халқ ўртасидаги муштарак маънавий ришталарни қайта тиклаяпмиз десак, ҳақиқат. Кўп масалалар бўйича биз илм-фан, таълим бўйича жуда катта мулоқот қилдик. Келажакда ишларимиз бардавом бўлиши учун ҳам жуда катта асос борлигини яна бир марта кўрдик», деди Ўзбекистон етакчиси.

Учрашувда давлат раҳбарлари сиёсий маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларидаги кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликда мавжуд улкан имкониятлар ва салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани алоҳида қайд этилди, шу муносабат билан савдони кўпайтириш учун амалий механизмлар ва самарали чораларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Биргаликда «яшил» энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлатни боғловчи мақбул транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш, тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинди.


















