Ўзбекистон | 14:40 / 23.02.2023
19965
2 дақиқада ўқилади

Фарғона ҳайвонот боғидаги жирафа нобуд бўлди

Фарғонадаги ҳайвонот боғида Қозоғистондан келтирилган Максим лақабли жирафа нобуд бўлди. У январ ойида Ўзбекистонда кузатилган совуқ кунларда шамоллаб қолган.

Фото: Халқ сўзи

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятидаги ҳайвонот боғида Максим лақабли жирафа нобуд бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳайвонот боғи директори Турсунали Мамажонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ҳолатни тасдиқлади.

«Жирафанинг хонаси кичикроқ бўлади. Шунинг учун Максимни тез-тез тоза ҳавога, шамоллатишга олиб чиқиб турардик. Лекин охирги пайтларда у кўп ётадиган бўлиб қолди, овқат ейиши ҳам ўзгарганди. Шу ҳолда орадан икки, уч кун ўтгач, 20 январ эрталаб унинг ўлиб қолганини кўрдик.

Жирафа шамоллашдан ўлганини фақатгина мутахассисларни чақиртириб, жасадини текширтирганда билдик. Гўштини эса ҳайвонларга тарқатдик», — деди Мамажонов.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ҳайвонот боғи директорига кўра, Ўзбекистондаги совуқ кунлар давомида бошқа майда жонзотлар, хусусан, бир неча қуш ҳам нобуд бўлган, аммо йирик ҳайвонларга зарар етмаган.

Турсунали Мамажонов президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага ташрифида вилоят ҳайвонот боғини кенгайтириш ва ҳайвонлар сонини кўпайтириш учун ҳам маблағ ажратилганини маълум қилди.

“Ҳайвонот боғини кенгайтириш ва янги ҳайвонлар олиб келиш учун 15 млрд ажратиладиган бўлди. Аммо қурилиш қачон бошланиши ҳали ноаниқ”, – деди у.

Аввалроқ “Халқ сўзи” нашри Фарғона вилоятидаги ҳайвонот боғи муаммоси, жумладан, «Фарғона ҳайвонот боғи» МЧЖнинг инфратузилмаси ва моддий-техник базасига оид муаммоларга эътибор қаратган эди.

Шунингдек, Тошкент ҳайвонот боғидаги Алатау лақабли жирафа ҳам мия ишемияси сабаб нобуд бўлганди. 

У Тошкентга Олмаота ҳайвонот боғидан, совға сифатида юборилган бўлган.

Мавзуга оид