Бухоро хонлиги (кейинчалик амирлиги) ўзининг бутун мавжудлиги давомида (1533-1920 йиллар) жами ўттизга яқин хон ва амир кўрган бўлса, Хива хонлигида деярли бир асрда (1695-1804 йилларда) 37 марта хон алмашган. Бу даврда Хива хонлиги тахти учун курашга Бухоро хонлиги, Эрон, туркманлар, қозоқлар ҳам аралашган эди. Натижада хонликда шундай тартибсизлик пайдо бўлдики, тарих ҳатто ярим кунлик хонларни ҳам кўради. Аҳоли қашшоқлашади, шаҳарлар вайронага айланади.

Хонликдаги вазият

Хива хонлигига 1511-1512 йилларда асос солинган. Бу хонликка ҳам Бухоро хонлиги билан бўлгани каби Жўжининг бешинчи ўғли Шайбон авлодлари пойдевор қўяди. Бироқ Хоразм шайбонийлари ва Бухоро шайбонийлари ўртасида сулолавий қонли низо мавжуд эди. Хиванинг биринчи ҳукмдори Элбарсхоннинг отаси Берке султон Шайбонийхон томонидан Дашти Қипчоқ тахти учун курашда ўлдирилганди.

Шу боис, бу икки ўзбек хонлиги ўзаро душман бўлиб, кўпинча уруш ҳолатида бўлган. Дастлаб Убайдуллахон I, сўнгра Абдуллахон II Хивани Бухорога бўйсундиради.

Убайдуллахон 1537 йилда Хоразмга қўшин тортиб, Элбарсхоннинг бешинчи ўғли Аванешхонни мағлуб этади ва уни қатл қилади. Икки йилдан сўнг Аванешхоннинг авлодлари кўчманчи туркманлар ёрдамида бухороликларни Хивадан ҳайдаб чиқаришга эришади.

1593 йилда Абдуллахон II бир неча юришлардан сўнг Хоразмни эгаллаб олади. Хива хони Ҳожимхон Эронга, шоҳ Аббос ҳузурига қочиб кетади. Абдуллахон II вафот этгач, Ҳожимхон Эрондан қайтади ва яна Хива хонлиги мустақиллигини тиклайди.

Хонликнинг Бухоро томонидан икки бор забт этилиши хонлар нуфузига таъсир кўрсатмай қолмайди. Ички кураш кучаяди. Марказий ҳокимият эса кучсизланади.

Ҳожимхоннинг ўғли Араб Муҳаммадхон даврида Хивада сиёсий беқарорлик бошланади. 1621 йилда хоннинг икки ўғли отасига қарши исён кўтаради. Араб Муҳаммадхон енгилади ва нопок ўғиллар отасининг кўзига мил торттириб, кейинроқ қатл қилдиради. Бу вақтда хоннинг бошқа ўғиллари – Асфандиёрхон Эронга, Абулғози Баҳодирхон Бухорога қочганди.

Абулғози Баҳодирхон

Отаси ҳалок бўлганини эшитгач Асфандиёрхон туркманлар ёрдамида Хивага ҳужум бошлайди. У муваффақиятга эришади ва отасининг қотили бўлган икки инисини қатл эттиради.

Тахтни туркманлар ёрдамида эгаллаган Асфандиёрхон даврида туркманларнинг хонликдаги обрўйи ошади ва ўзбеклар билан зиддият кучаяди. Натижада ўзбекларнинг катта қисмида Асфандиёрхонга қарши кайфият шаклланади. Охир-оқибат улар хоннинг укаси, Абулғози Баҳодирхонни Қалмоқ хонлигидан чақириб олади ва уни Асфандиёрхон вафотидан сўнг тахтга ўтқазади.