Жаҳон | 13:55 / 08.03.2023
5248
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби Гутерриш Киевга ташриф буюрди

Фото: Reuters

Антониу Гутерриш ва Володимир Зеленский ўртасидаги музокаралар мавзуси Украина донини Қора денгиз орқали экспорт қилиш бўйича келишувни узайтириш бўлади.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Киевга ташриф билан борди. 7 март, сешанба куни кечқурун у Полшага учиб кетди ва 8 мартга ўтар кечаси Украина пойтахтига етиб келди.

Кенг кўламли уруш бошланганидан бери Киевга учинчи ташрифи чоғида БМТ раҳбари Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашади. Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири Украина ғалласини Қора денгиз орқали экспорт қилиш бўйича 19 мартда тугайдиган битимни узайтириш бўлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Россия билан бу келишувни яна бир бор узайтиришни талаб қилмоқда.

2022 йил июль ойида БМТ ва Туркия Украинадан дон экспорт қилиш имкониятини очиш учун Россияни Украина Қора денгиз портлари блокадасини тўхтатишга кўндирди. «Ғалла битими» тўрт ойга тузилди ва донни Қора денгиздаги учта Украина порти орқали экспорт қилиш имконини берди. Ноябрь ойида келишув яна тўрт ойга узайтирилди.

Украина дунёдаги энг йирик дон экспортчиларидан биридир. Тўлиқ миқёсли босқин бошланишидан олдин, Россия ва Украина дунёдаги дон экспортининг тўртдан бир қисмини таъминлаган. Ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб Европа Иттифоқи Украина ғалласини қуруқлик, темирйўл ва дарёлар орқали «бирдамлик йўллари» билан экспорт қилишга кўмаклашмоқда.

Мавзуга оид