Дўстларингиз орасида ёки ишхонада белгиланган вақтдан кеч қолиб келишга одатланиб қолган инсонлар борми? Кеч қолувчилар, одатда, мактаб давриданоқ бу одатлари билан синфдошлари орасида ажралиб қолишади.
Қизиғи, дарсга ё бирор ижтимоий тадбирга ёки белгиланган вазифаларни вақтида топширишга улгурмай қоладиганлар самолёт ё поезд вақтига улгура олишади. Унга нега бошқа пайт кеч қолишади? Сабаби кечикишнинг ҳам ўзига хос хусусиятлари бор.

Ҳа айтганча, кеч қолувчилар фақат Ўзбекистонда эмас, дунёнинг исталган давлатларида учрайди. 2014 йилда АҚШда ўтказилган сўровномага кўра, ҳар 5 америкаликнинг бир нафари ҳафтасига камида бир марта ишга кеч қоларкан.
«Кеч! Биз нима учун кечикамиз ва буни қандай ўзгартириш мумкин? Вақтни ўтказиб юборувчилар қўлланмаси» муаллифи, кечикувчилар бўйича ўрганишлар олиб борган, ўзини ҳам шу тоифада деб билувчи Грейс Пейсининг фикрича одамларни 2 гуруҳга бўлиш мумкин.
Биринчиси – вақтида улгурувчилар (кечикмайдиганлар);
Иккинчиси – вақтни ўтказиб юборувчилар (кечикувчилар).
Грейс Пейси кечикувчиларни – «Timebender»лар, яъни вақтни ўтказиб юборувчилар деб атайди. Улар одатий тартибларни ёқтиришмайди. Доимий бир хилликни эса зерикарли деб билишади. Лекин бирор нарсага қизиқиб қолишса, унга бор эътиборини қаратишади. Вақт масаласида ўлчов қатъий бўлганда эса жуда самарали ишлашади. Офисларда ҳам «таймбендер»ларни осонгина ажратиб олиш мумкин: уларнинг иш столи тартибсиз кўринишда бўлади. Сабаби вақтни ўтказиб юборувчилар бир ишни тугатмасдан иккинчисини ҳам бошлаб юборишлари мумкин.
Грейс Пейсининг ўрганишича, вақтни ўтказиб юборувчиларнинг («таймбендер»лар) вақт ҳақидаги тушунчаси бошқаларникидан фарқ қилади. Улар учун дақиқалар доим бир хил ўлчовга эга эмас: вақт баъзида тез, баъзида секин ўтади. «Таймбендер»лар нимагадир киришиб кетишса, вақт қандай ўтаётганини унутиб қўйишади.
Уларнинг чораси – дедлайнлар! Ҳа, кечикишни яхши кўрувчилар дедлайнлар аниқ бўлса, самарали ишлаб бера олишади.


















