Охирги олти йилда жиноят ишида шахснинг айби тўла исботланмасдан туриб, унга жазо тайинлаш амалиётига чек қўйиш, айбсизлик презумпциясини қатъий таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. 2016-2022 йилларда 421 468 нафар шахсга нисбатан 324 463 та жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 4740 нафар шахс оқланган. Бу йилларда чиқарилган оқлов ҳукмлари олдинги давр билан солиштирганда 43 баробарга кўпайган.

Айбсизлик презумпцияси жиноят процессида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқ шахсни адолатли суд қарорисиз айблашдан ҳимоя қилади ҳамда уни ўзининг айбсизлигини исботлаб бериш мажбуриятидан халос этади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси томонидан айбсизлик презумпцияси чекиниб бўлмайдиган ва чеклаб бўлмайдиган мутлақ ҳуқуқ сифатида эътироф этилган.

Бугунги кунда айбсизлик презумпцияси инсон ҳуқуқларига оид энг муҳим стандартлардан бири сифатида қуйидаги таркибий элементлардан ташкил топган:

–    айбни исботлаш мажбурияти айблов тарафнинг зиммасига юкланади;

–    айб асосланган шубҳалар бўлмаган ҳолда исботланмагунча, айбдорликка доир шубҳа қилиб бўлмаслигини кафолатлайди;

–    шубҳалар доимо айбланувчи фойдасига ҳал қилиниши кафолатланади ва жиноят содир этганликда айбланувчига нисбатан ушбу тамойилга мувофиқ муносабатда бўлиш талаб этилади.

Миллий қонунчилигимизда айбсизлик презумпциясининг халқаро ҳуқуқда белгиланган барча жиҳатлари ўзининг ифодасини топган. Амалдаги Конституциянинг 26-моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгиланган. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 23, 84, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасида, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг

6-моддасида айбсизлик презумпцияси қоидалари белгиланган. Айбсизлик презумпциясининг ҳуқуқий асослари турли қонунчилик ҳужжатларида белгиланиши ҳуқуқни қўллашда ягона ёндашувларнинг шаклланишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Айрим ҳолатларда айбсизлик презумпциясига амал қилишдан чекиниш ҳолатларига йўл қўйиляпти. Қолаверса, айбсизлик презумпцияси шахснинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланганлиги сабабли уни асосий қонунда тўлалигича ифодалаш мақсадга мувофиқ.

Янгиланаётган конституцияда айбсизлик презумпциясининг барча жиҳатлари тўлиқ ўз ифодасини топмоқда.