ИҲТТ 2023 йил учун жаҳон иқтисодиёти ўсиш прогнозини оширди
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 2023 йилда жаҳон иқтисодиёти 2,6 фоизга ўсишини кутмоқда. Прогноз товар нархининг пасайиши ва Хитой иқтисодиётининг очилиши туфайли яхшиланди.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) 2023 йилда жаҳон иқтисодиёти 2,6 фоизга ўсишини кутмоқда. 17 март, жума куни Парижда ИҲТТ ҳисоботида эълон қилинган бу кўрсаткич 2022 йил ноябрь ойидаги прогнозидан (2,2 фоиз) юқори.
2024 йилда глобал иқтисодий ўсиш бўйича тахминлар ҳам яхшиланди - 2022 йил ноябрдаги 2,7 фоизлик прогноздан 2,9 фоизгача. Мутахассисларнинг фикрича, истеъмолчилар ва корхоналарнинг кайфияти аста-секин яхшиланмоқда, инфляция босими эса заифлашмоқда. Шу тариқа, G20 давлатларининг аксариятида нархлар ўсиш даражаси жорий йилда 8,1 фоиздан 5,9 фоизга, 2024 йилда эса 4,5 фоизга камайиши керак, дея ҳисоблайди таҳлилчилар.
Бу йил жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши учун бошқа ижобий омиллар орасида Хитой иқтисодиётининг очилишини ва хомашё нархларининг кутилаётган пасайиши ҳам бор.
Бироқ, ИҲТТ ҳисоб-китобларига кўра, жаҳоннинг энг йирик марказий банклари пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириши ҳисобга олинса, 2023 ва 2024 йилларда глобал иқтисодий ўсиш узоқ муддатли тренд даражасидан паст бўлиб қолади. Жаҳон иқтисодиётининг заифлашиши хавфи сезиларли даражада сақланиб қолинишига яна бир сабаб - Украинадаги урушнинг ривожи бўйича ноаниқлик.
Ташкилот ҳисоботида айтилишича, Германия иқтисодиёти бозор прогнозлари яхшиланганига қарамай, 2023 йилда бошқа йирик саноат мамлакатларига қараганда секинроқ ўсади.
Евроҳудуд иқтисодиёти 2023 йилда 0,8 фоизга, 2024 йилда эса 1,5 фоизга ўсади, дейилади ҳисоботда. Олдинги прогнозлар бироз камроқ эди: мос равишда 0,5 фоизга ва 1,4 фоизга ўсиш. Юқорига қараб тузатиш энергия нархи кўтарилишининг салбий таъсири юмшатилишига боғлиқ.
Мавзуга оид
11:28 / 20.11.2024
Ҳукумат инвестиция комплекси иқтисодиёт учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга туширади
15:19 / 15.11.2024
Саноати ривожланган мамлакатларга миграция даражаси янги чўққига чиқди
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
20:57 / 08.11.2024