Ўзбекистон | 16:21 / 18.03.2023
7561
2 дақиқада ўқилади

Silk Avia компаниясининг биринчи самолёти Тошкентга йўл олди

Фото: Uzbekistan Airports

17 март куни минтақавий Silk Avia миллий авиакомпаниясининг биринчи самолёти Бангкокдан Тошкентга учди.

Самолёт техник ҳолати жиҳатдан кўрикдан ўтди ва тўлиқ бўялди, синов парвозларини амалга оширди ҳамда экспорт сертификатига эга бўлди. ATR 72-600 самолётининг максимал учиш баландлиги (7600 м) ва масофаси (1500 км) ҳисобга олинса, самолёт Бангкокдан Тошкентга келгунча Сингапур, Ҳиндистон, Уммон, Миср, Кипр ва Озарбойжонда олтита техник тўхташни амалга оширади. 

Дастлабки маълумотларга кўра, Silk Avia авиакомпаниясининг биринчи самолёти Тошкентга 21 март куни қўнади.

«Шу кунгача улкан ишлар амалга оширилди: мос самолётларни топишдан тортиб, уларни сотиб олиш ва барча керакли ҳужжатларни тўлдиришгача. Биринчи рейслар йўлга қўйилишига оз қолди. Ўзбекистон халқига Наврўз байрамига шундай муҳим совға қилишимиздан жуда мамнунмиз», — деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Йўловчи сиғими 70 кишилик ATR 72-600 самолёти дунёдаги энг машҳур қисқа масофага учувчи самолётлардан бири ҳисобланади. Airbus А320’га нисбатан тўрт баравар кам ёнилғи сарфлайди.

Мавзуга оид