BBC Копенҳаген университетининг халқаро ҳуқуқ бўйича экспертлари Глеб Богуш ва Кевин Йон Ҳеллер билан шу мавзуда гаплашди. Қуйида ушбу иш бўйича асосий саволлар ва жавоблар келтирилади.

ХЖС томонидан Путинни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилиши Россиянинг амалдаги президенти дахлсизлигига қанчалик мос келади?

Ҳуқуқ нуқтайи назаридан, Халқаро жиноий суд уни ҳибсга олишга ордер беришига ҳеч қандай тўсиқ йўқ: ХЖС аъзо мамлакатлари ордерни бажариши шарт. Ва агар Путин уларнинг ҳудудига келса, улар уни судга топшириши керак. Аммо юридик мажбуриятлар бошқача, давлатнинг ҳаракатлари - бошқача бўлиши мумкин, дейди экспертлар.

ХЖСнинг бундай вазиятлар учун позицияси аввалроқ Суданнинг ўша вақтдаги президенти, оммавий қирғинларда айбланган Умар ал-Башир иши бўйича апелляция палатаси қарорида баён этилган эди. Унга кўра, давлат раҳбари халқаро суд қаршисида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлмайди, алоҳида давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини эса ўша мамлакатларнинг ўзлари ҳал қилишлари керак бўлади.

Аммо давлатлараро муносабатлар доирасида давлат раҳбарлари шахсий дахлсизликка эга, яъни у лавозимда қолар экан ва уни давлат раҳбари деб тан олишаркан, бошқа давлат уни ҳибсга олмайди. Яъни бу ҳамиша вақт масаласи бўлиб қолади, ҳозир эса ХЖС қарорини ижро этиш деярли имконсиз иш.

Агар амалдаги давлат раҳбари бир томондан ХЖС олдида мажбуриятлари бор, бошқа томондан дахлсизлик билан боғлиқ мажбуриятларга эга бўлган давлатга келса, бу давлат ҳукумати нима қилиши керак?

Бу масала бўйича бир ечимга келинмаган.

Тарихда ХЖС томонидан ҳибсга олиш тўғрисида ордер бўлган бўлса-да, амалдаги давлат раҳбарини судга топшириш билан боғлиқ прецедент кузатилмаган. Аммо гумонланувчи ўз хоҳиши билан ХЖС қаршисига келиши икки бор рўй берган - булар Кения президенти ва вице-президенти.

«Шундай экан, Путин ҳам бошқа исталган гумондорлар қатори ихтиёрий равишда судда пайдо бўлиши назарий жиҳатдан мумкин. Бу унинг ҳибсга олиниши эҳтимолидан кўра фантастикроқ вариант эмас», деб ҳисоблайди Богуш.

Яъни, агар Путин ХЖС юрисдикциясини тан олган давлатдаги халқаро форумга йўл олса, у ҳибсга олинмайдими?

Буни давлатнинг ўзи ҳал этади.