Жаҳон | 15:54 / 21.03.2023
15129
3 дақиқада ўқилади

Кремл сайтида Путиннинг Мариуполга ташрифи акс этган видео ўзгартирилди

Фото: Picture Alliance

Кремл сайтида Путиннинг Мариуполга ташрифи акс этган видеодан номаълум аёлнинг норозилиги акс этган парча кесиб ташланди. Аёл: «Буларнинг ҳаммаси ёлғон, ҳаммаси хўжа кўрсинга!» деб бақирганди.

Кремл сайтида Россия президенти Владимир Путиннинг 19 мартга ўтар кечаси Россия қўшинлари томонидан вайрон қилинган Мариупол аҳолиси билан учрашуви акс этган видеолавҳа ўзгартирилди. Учрашувдан сўнг эълон қилинган видео қайта таҳрирланиб, ундан аёлнинг норози овози тушиб қолган парча олиб ташланди. 21 март, сешанба куни Telegram’даги «Можем объяснить» канали бунга эътибор қаратди. 

27 дақиқалик видеонинг асл нусхасида бу лаҳза 22-дақиқада, Путин маҳаллий аҳоли билан гаплашаётганида бўлган. Видеодаги одамлар унинг келишини кутмаганликларини айтган, Путин қисқа жавоб берган, кейин эса аёл кишининг: «Буларнинг ҳаммаси ёлғон, ҳаммаси хўжа кўрсинга» деган бақириғи эшитилган. Шундан сўнг, Путиннинг атрофидагилар ўгирилиб, қўллари билан ишора қилади, унинг ёнида турган Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин саросимада кулимсирашни бошлайди. Қайта жойлаштирилган видеода Путиннинг: «Иш шунақа», деган сўзидан кейин ёпиштирилган жой («склейка») мавжуд. 

18 март куни кечки пайт, Халқаро жиноий суд (ХЖС) ҳибсга олиш тўғрисида ордер берганидан бир кун ўтиб, Путин кенг кўламли босқин бошланганидан бери биринчи марта Донбассга келди. Кремл матбуот хизмати хабарига кўра, у Мариуполга вертолётда борган, сўнгра тунда машинада шаҳар бўйлаб ўтган ва Россия томонидан вайрон қилинганидан кейин янги қурилган микрорайонга ташриф буюрган. 

«Верстка» нашрининг ёзишича, Путиннинг ташрифи шаҳарда қолган аҳолининг норозилигига сабаб бўлган. У бутунлай вайрон бўлган шаҳардаги ягона янги қурилган микрорайонга ташриф буюрди, деди маҳаллий аҳоли вакиллари ва Путинга собиқ пойдеворлардан қолган бўш котлованлар, шунингдек, деразалари, эшиклари, сув таъминоти ва иситиш тизими бўлмаган уйлар кўрсатилмаганини таъкидлади. 

Мавзуга оид