Дунё миқёсидаги таниқли олим, ҳамкасби Дарем Ажемўғли билан ҳаммуаллифликда ёзган “Why Nations Fail” (“Мамлакатлар таназзули сабаблари”) китобининг ўзбек тилидаги талқини тақдимотида иштирок этди. Илк марта 2012 йилда чоп этилган ва тезда машҳурликка эришган китоб ўзбекистонлик иқтисодчи, АҚШнинг Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов муҳаррирлигида 2021 йили илк марта ўзбек тилига ўгирилган эди.

Олим билан учрашувда иқтисодчилар, банк-молия мутахассислари, давлат расмийлари, жамоатчилик фаоллари, талабалар ва ёшлар иштирок этди. Kun.uz Жеймс Робинсоннинг тадбирдаги нутқидан айрим қисмларини келтириб ўтади.

Аввало айтиш керак, китобда нега айрим давлатлар бойиб кетган, айримлари эса қашшоқ, деган савол атрофидаги турли фаразлар рад этилган. Муаллифларнинг исботлаб беришича, денгизга чиқиш имкони бор-йўқлиги, ерости бойликларининг ҳажми қанчалиги, иқлими, тарихи, менталитети ва шу каби омиллар давлатларнинг бой ёки камбағал бўлишини белгилаб бера олмайди. Хўш, унда гап нимада?

Тадқиқотчиларнинг далилларига кўра, жамиятларнинг қанчалик тараққий этиши – уларнинг қандай бошқарилишига боғлиқ. Қайсики жамият бошқарувида кенг аҳоли қатламлари иштирок эта бошласа, ўша жамият тезда бойий бошлайди. Бундай жамиятларда аҳоли, тор доирадаги шахслар гуруҳи томонидан бошқарилаётган мамлакатларга қараганда, фаровонроқ ҳаёт кечиради.

Шу қадар яқин, шу қадар фарқли

Жеймс Робинсон мамлакатлар тараққиёти сабаблари ҳақида кўп тарқалган қарашларни рад этиш учун Корея мисолини келтирди. Яриморолнинг тунда фазодан олинган суратида унинг жанубий қисмида (Корея Республикаси) электр чироқларининг ёруғлиги кўплигини яққол кўриш мумкин. Шимолда эса бундай ёруғлик фақат Пхенян (КХДР пойтахти)да кўзга ташланади, қолган аксарият ҳудудлар эса қоронғи. Бу ҳолат икки мамлакатнинг ривожланиш даражаси ва иқтисодиёти ўртасидаги фарқни яққол кўрсатиб беради.

Корея яриморолининг тунда фазодан кўриниши / Фото: Reuters / MailOnline

“1960-йилларга бориб қолсангиз, бунақа фарқни кўрмасдингиз. Аксинча, Кореянинг шимоли жанубига қараганда нисбатан фаровонроқ эди. Ҳозиргидек фарқ эса Корея урушидан кейин пайдо бўла бошлади. Бу таққослашда шуниси қизиқки, Шимолий Корея ва Жанубий Кореянинг тараққиёт даражасидаги фарқни уларнинг маданияти ёки тарихи билан изоҳлаб бўлмайди, чунки бу борада улар бир хил. Тавофут эса улар қурган институтларда.