“Яндекс.Такси” ҳайдовчилари картадан тўлов қабул қилишни хоҳламаслиги, буюртмани бекор қилишни сўраши, бу хизмат монополияга қарши тартибга солинмаётгани, умуман “мамлакатдаги энг машҳур такси агрегатори солиқ тўлайдими ёки йўқми?”, деган савол ўзбек жамоатчилиги муҳокамаларига сабаб бўлганди. Kun.uz ушбу ҳолат юзасидан таҳлилий мақола ҳам эълон қилганди.

Солиқ қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди. Таъкидланишича, Ўзбекистонда “Яндекс.Такси” орқали хизматлар кўрсатишдан тушган даромаднинг 84 фоизи ҳайдовчилар ихтиёрида қолади. 

“Яндекс.Такси”нинг Ўзбекистондаги фаолияти қандай тартибга солинади?

“Яндекс.Такси” иловаси орқали хизматларни тақдим этувчи "Ridetech International B.V." (2020 йил 30 июнгача у "Yandex.Taxi BV" деб номланган) Нидерландия резиденти ҳисобланади.

Солиқ кодексига мувофиқ, компания хизматларини реализация қилганлик учун ҚҚС ва Ўзбекистондаги манбалардан олинган норезидент даромадларидан олинадиган солиқ тўлаши шарт.

Солиқ кодексининг 255-моддасига кўра, агар чет эл компаниялари сотиладиган жойи республика ҳудуди бўлган Ўзбекистон юридик шахсларига электрон хизматлар кўрсатса, ушбу хизматларнинг харидорлари солиқ агенти деб эътироф этилади.

Бугунги кунда республикада “Яндекс.Такси” хизмати кўрсатишни ташкил этувчи 135 та йўловчи ташиш агрегатори мавжуд.

Даромадлар қандай тақсимланади?

2021−2022 йилларда Ўзбекистонда 135 та йўловчи ташувчи агрегаторнинг “Яндекс.Такси” платформаси орқали хизматлар кўрсатишдан тушган умумий даромади 1 трлн 59,1 млрд сўмни ташкил этиб, қуйидагича тақсимланган:

  • 84 фоизи ёки 889,6 млрд сўми жисмоний шахсларга — ҳайдовчиларга;
  • 5 фоизи ёки 53 млрд сўм ташувчи компанияларга;
  • 11 фоиз ёки 116,5 млрд сўм —"Ridetech International B.V.''га.

Қанча солиқ тўланган?

2021−2022 йилларда —"Ridetech International B.V.'' компанияси томонидан кўрсатилган хизматлар учун солиқ агентлари томонидан (116,5 млрд сўм миқдорида) бюджетга 17,5 млрд сўм ҚҚС тўланган.