Ўзбек миллий таомлари ҳақида сўз кетганда кўз ўнгингизга энг аввал палов келса-да, Ўзбекистон ҳудудларининг ўзига хос миллий таомлари бор. Вилоятларда меҳмонларга турлича таомлар миллий овқат сифатида тақдим этилади.

Норин

Тошкентда азиз меҳмонни норин билан сийлашади. Дастурхонда албатта бу таом бўлиши керак.

Жиззах сомса

Жиззахнинг тандир сомсаси таърифи чет эллик сайёҳларга ҳам яхши таниш. Тошкентдан Самарқандга йўлга чиққан одам, албатта, Жиззахда тўхтаб, сомса еб кетади. Жиззах сомсасининг ўзига хос таъми қолган вилоятлардагидан ҳажми, гўшт ва думба ёғининг мўллиги билан фарқ қилади.

Қозон патир

Иккинчи Швейцария деб таърифланадиган Зоминнинг қозон патири ҳам тилларда машҳур. Қозонда пишириладиган бу нон тайёр бўлганида шакли қозонни эслатади. Иссиқлигида унга кувида тайёрланган сарёғ солишади. Иссиқда эриб ноннинг ўртасида тўпланган сарёғ ўзига хос таъм бағишлайди. Нонни бир чеккасидан синдириб, ўртасидаги сарёғга ботириб истеъмол қилинади.

Самарқанд нон

Самарқанд нафақат тарихий обидалари, балки нонлари билан ҳам машҳур. Тарихда Самарқанддан новвойлар олиб бориб бошқа шаҳарларда нон тайёрлатмоқчи бўлишгани, лекин ўхшамагани ҳақидаги афсоналар мавжуд.

Самарқанд нонларига бир сутка давомида ишлов берилади ва жуда кўп куч сарфланади. Балки шунинг учундир, ноннинг ўзига хос мазаси, кўриниши неча замонларки одамларни ҳайратлантиради.