Жаҳон | 18:35 / 31.03.2023
7474
3 дақиқада ўқилади

The Wall Street Journal барча россиялик журналистларни АҚШдан чиқариб юборишга чақирди

Кремл WSJ’нинг Россия элчиси ва барча россиялик журналистларни Қўшма Штатлардан чиқариб юбориш ҳақидаги чақириқларини «бемаънилик» ва «нотўғри нарса» деб атади. 

Эван Гершкович / Фото: Dimitar Dilkoff/AFP

Америка фуқароси, The Wall Street Journal газетаси журналисти Эван Гершковичнинг Россияда жосусликда айбланиб ҳибсга олинганидан сўнг, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти дипломатик ва сиёсий эскалация эҳтимолини кўриб чиқиши керак, деб ёзади WSJ. 30 март, пайшанба оқшомида чоп этилган таҳририят мақоласига кўра, Россия элчиси, шунингдек, мамлакатда ишлаётган барча россиялик журналистларнинг Қўшма Штатлардан чиқариб юборилиши Вашингтондан бу борада кутилаётган «минимал жавоб» бўлади. 

Гершковични ҳибсга олиш вақти «АҚШни шарманда қилиш ва Россияда фаолият юритаётган хорижий матбуотни қўрқитиш учун» режалаштирилган провокациядан далолат беради, деб ҳисоблайди WSJ. Мақолада айтилишича, Кремл Россия матбуоти ишини бостиргани сабабли, хорижий мухбирлар сўнгги мустақил ахборот манбалари ҳисобланади. Муаллифларнинг фикрича, Гершковичнинг ҳибсга олиниши унинг яқинда Россия иқтисодиётининг ёмонлашаётгани ҳақидаги мақоласи билан боғлиқ бўлиши мумкин. «Кремл бу ҳақида ҳақиқий гаплар айтилишини хоҳламайди», деб тахмин қилган Америка газетаси таҳририяти. 

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 31 март куни WSJ таҳририятининг россиялик барча журналистларни АҚШдан чиқариб юбориш чақириғига муносабат билдирар экан, бундай талаблар «бемаънилик» ва «нотўғри нарса» эканини айтди. 

Песковнинг сўзларига кўра, Россияда амалдаги аккредитацияга эга бўлган барча хорижий журналистлар «ҳеч қандай чекловларга дуч келмаяпти ва яхши шароитда ишлаяпти». Бироқ, Гершковичнинг ишида, «гап журналист сифатидаги махфий фаолият, моҳиятан жосуслик фаолияти ҳақида бормоқда», дея қўшимча қилди у. 

WSJ мухбирининг Екатеринбургда қўлга олингани 30 март куни маълум бўлди. Ўша куни кечқурун Эван Гершкович «жосуслик» иши бўйича Москванинг Лефортово суди қарори билан 29 майгача ҳибсга олинган. Гершкович совуқ уруш тугаганидан кейин Россияда жосусликда айбланиб, ҳибсга олинган биринчи хорижлик мухбир бўлди.

Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») мухбир «Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплагани»ни даъво қилган. Россия Жиноят кодексининг «жосуслик» моддаси 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.

Журналист Екатеринбургга «Вагнер» ХҲК ҳақида мақола ёзиш учун келган. 

«Аниқланишича, Эван Гершкович Америка томонининг кўрсатмаси бўйича Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бирининг фаолиятига оид давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган. Махфий маълумотларни олишга уринаётганда, чет эллик фуқаро Екатеринбургда қўлга олинди», — дея «ФСБ» Жамоатчилик билан алоқалар маркази хабаридан иқтибос келтирган Россиянинг ТАСС. 

Мавзуга оид