Иқтисодчи Й.Юсупов томонидан ёзилган “Ўзбекистонда ипакчилик: самарасиз бюрократик бошқарув сақланиб қолмоқда” номли мақоласига раддия

Ўзбекистонда ипакчилик: самарасиз бюрократик бошқарув сақланиб қолмоқда

Бугунги кунда пиллачилик соҳаси қишлоқ аҳолиси учун сердаромад соҳалардан бирига айланиб улгурди. Мисол учун, бир қути ипак қуртини парваришлаган пиллакор 1 ойда 2 млн сўмдан ортиқ даромад топмоқда.

Пиллани қайта ишловчи корхоналарнинг бирортаси сўнгги 5 йилда зарар кўриб ишламаган, аксинча бу корхоналарнинг барчаси фойда билан ишлаб, рентабеллик кўрсаткичи 18-26 фоизни ташкил этади. Тармоқда зарар кўриб ишловчи ва норентабел ёки ноликвид корхонанинг ўзи йўқ.

Мақолада қайд этилганидек, ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш норентабел бўлганида, корхоналар банкрот бўлиши ва ҳозирда бирорта корхона ишламаслиги табиий бўларди.

2017-йилдан Республикада асосий эътибор сифатли пилла етиштириш ва тайёрлаш, уни дастлабки қайта ишлаш, хом ипак ва ипак калава ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилишни ташкил этиш, пиллачилик тармоғини ривожлантириш борасида қабул қилинган дастурий чора-тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш, ягона илмий-техник, технологик, инвестициявий ва экспорт сиёсатини изчил юритиш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни пиллачилик билан шуғулланишга қизиқтириш, уларни ўқитиш ва малакасини оширишга қаратилди.

2016-йилда Республика бўйича 19 та пиллани қайта ишлаш корхоналари фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб корхоналар сони 75 тани ташкил қилмоқда. Ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари 150 млн сўмдан 2 трлн сўмга етказилди (жорий йилда 3,1 трлн сўм).

Экспорт ҳажмлари 96,2 млн долларга етказилди (2017-йилга нисбатан 3,1 баравар кўп). Экспорт қилинган маҳсулотларнинг 57 фоизи (54,4 млн долл) ипак матолар ҳиссасига тўғри келади (Божхона қўмитасининг электрон экспорт базасида хам бу ўз аксини топган). Шу билан бирга, 2022-йилнинг ўзида 713,2 млрд сўм маблағ пилла етиштирувчиларга етиштирилган пилла хомашёси учун пиллачилик кластерлари томонидан берилди, жорий йилда эса 1,1 трлн сўм пиллачилик кластерларининг ўз маблағлари ҳисобидан берилади. Бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир.

Бугунги кунда соҳада мажбурий меҳнат мавжуд эмас. Ушбу бўйича 2023-йилнинг 25-январ куни Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ Меҳнат вазирлигининг вакиллари томонидан “Ўзбекипаксаноат” уюшмасида бўлиб ўтган учрашувда ҳам алоҳида эътироф этилди.