Ҳарбий-ўқув машқлари, одатда геосиёсий ва геостратегик ҳамкорлар, дўстлар, тарафдорларни аниқлаш ва жипслаштиришга хизмат қилади. Давлатлар, айнан ҳарбий-ўқув машқлари орқали, “дўст ва душман” давлатлар образини моделлаштиришади.
Собиқ СССР қулагач, Арманистон муттасил Россия Федерациясига ориентир олди, ўзининг хавфсизлиги, геосиёсати ва геоиқтисодиётини айнан расмий Москва билан боғлади. Вақти-вақти билан, Арманистон ҳам муқобил қараш ва ориентирларни пайпаслаб кўрди. Лекин, умумият-ла, Россия таъсиридаги давлат бўлди.
Кавказорти учта республиканинг иккиси шу пайтга қадар ғарбга юзланган эди. Озарбойжон авторитар давлат сифатида қабул қилинади. Лекин, ташқи сиёсатда, унинг муҳим иттифоқчилари – булар Туркия, АҚШ ва Исроил. Лекин Озарбойжон НАТОга аъзо бўлиш ҳақида лом-мим демайди. Қолаверса, “глобал қўшилмаслик ҳаракати”нинг еткачиларидан. Бу билан, Боку Москва ва Вашингтонга мужда бериб, “мен КХШТга ҳам, НАТОга ҳам интилмайман” дейди.
Грузия эса, бугун анча эҳтиёткор. Саакашвили даврида, Грузия Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлишни ташқи йўналишдаги олий давлат сиёсати сифатида эълон қилган эди. Саакашвили кетгач, бугунги Грузия ҳукумати Европа Иттифоқига интилишда давом этмоқда. НАТО ҳарбий-ўқув машқларида ҳам иштирок этади. Лекин, умумий риторика, Россияга қарши қаратилмаганини урғулаш билан фарқланади. Грузиянинг икки ҳудуди Россия ёрдамида сепаратизмга юз тутгач, бугунги Грузия мана шу ҳудудларни қайтариш илинжида, Россия билан ижобий бўлиш еки салбий бўлмаслик сиёсати олиб боради.
Арманистон ҳокимиятига 2018 май ойида Никол Пашинян келгач, унинг Путин билан муносабатлари, олдинги армани лидерларга нисбатан анча совуқ бўлди. Мисол учун, собиқ президентлар Роберт Кочерян ва Серж Саркисянлар билан, Путиннинг муносабатлари жуда ишончли эди.
2020 йилнинг кузида, Озарбойжон ва Арманистон ўртасида, Тоғли Қорабоғ учун уруш бўлди. Расман, халқаро даражада, Тоғли Қорабоғ – Озарбойжоннинг ери. Лекин 1990 йилларнинг бошида, бу худуд Арманистон томонидан босиб олинган эди. Ўша 2020 йил, сентябр-октябрь ойлари давомида, Пашинян Путиндан кўп марта ёрдам сўради. Бу икки давлатни боғлаб турувчи КХШТни урушга жалб қилишни сўради. Бунга жавобан Путин: “Агар Озарбойжон Арманистон ҳудудига бостириб кирса, КХШТ албатта ёрдамга боради” деди. Яъни бу билан Путин “Тоғли Қорабоғ – Озарбойжоннинг ери” деган муждани билдирган эди.
Шу йилнинг январь ойида Арманистонда КХШТнинг навбатдаги ҳарбий-ўқув машқлари бўлиши керак эди. Лекин Арманистон тарафи бу ўқув машқларни бекор қилади. Пашинян “Россия Украинага бостириб киргач, Озарбойжон тарафи ғарбга бизни тажовузга тайёргарлик кўраётгандек кўрсатмоқчи. Яъни Арманистон ва Россия, биргаликда, Озарбойжонга бостириб кириш учун тайёрланмоқда, деган хабарлар тарқатмоқда. Бизнинг ниятимиз ундай эмас эди. Лекин биз бу ўқув машқларини бекор қилишга мажбурмиз”, оҳангида баёнотлар беради.








