Тўғри-да, 21-асрда, баъзи мутафаккирлар “инсоният ўсмирлик палласидан ўтди” деб турган бир пайтда юз бераётган урушлар, хунрезликлар, бомбалар тагида қолаётган ёш болалар суратларини кўриб, шунчаки юзадаги эмас – чуқурроқ сабабларни излайсан киши.

Онгли мавжудот бўлмиш инсон қавми етуклик пайти келиб ҳам ўз-ўзини – ўз “этини” ўлдираётганини кўриб, инсон қиёфасини йўқотмаган ҳар бир киши ўйга толади.

Маънавий устунлар

Инсон ажиб мавжудот. Сабаби унинг... дунёқараши мавжуд. Яъни у дунёни яхлит тасаввур эта олади. Ҳамда унинг  – дунёнинг маълум маънавий қонуниятлар устида қурилганини англай олади, амаллар ва нарсаларни маънавий тарозисига солиб, “оқ ва қора”, “яхши ва ёмон”га ажрата билади. Гарчи маънавий оламни кўз билан кўриб бўлмаса-да, инсон унинг низомларини ҳис қила олади.

Хўш, Ер сайёрасида яхши ва ёмонни ажрата оладиган мавжудот ҳукмрон экан, қаердан бунча мудҳиш, ҳеч бир тарозига сиғмайдиган ишлар? Нега ақл эгаси бўлмиш зотнинг ишларидан бунча салбий оқибатлар?

Ёмонлик келтириб чиқарувчи яхшилик – бу қандай мумкин бўлади?

Гап шундаки, аввалида яхши бўлган маънолар кейинчалик салбийлашиб кетиши мумкин. Қандай қилиб?

Ер юзида содир этилган деярли барча ёмонликлар яхшилик шиори остида қилинган. Ҳатто Иккинчи жаҳон урушига олиб келган, ўта салбий бўлган национал-социализм шиорлари ўша пайтда ва ўша жойда одамларнинг онгида яхшилик бўлиб гавдаланган. Бошида немисларнинг маданий бирлигини қувватлаш учун шаклланган немис миллатчилиги бироздан сўнг радикаллашиб, атроф-дунёга нисбатан нафратга тўлган экстремистик, ирқчилик, антисемитизм, антидемократизм, “ирқий гигиена” – миллатни “ирқий бегоналар”дан ва “норасо” элементлардан тозалаш ғояси ва бошқа салбий иллатларни ўз ичига олган тоталитаризм ғоясига – нацизмга айланган.

Бунақа эврилиш айнан... радикаллашиш эвазига содир бўлади.

Мўътадиллик доираси – унинг фавқулодда аҳамияти ҳақида

Инсонларнинг қарашлари турлича бўлади, ҳатто битта қарашнинг ичида ҳам турланиш бўлади, ва ҳатто битта оила аъзолари ичида турлича қарашдаги кишилар бўлиши мумкин, зеро инсонлар бир хил эмас.

Шу билан бирга,