АҚШ Адлия вазирлиги Мудофаа вазирлигининг АҚШ хавфсизлик ва ҳарбий департаментлари фаолияти натижаларини акс эттирувчи махфий ҳужжатлари ошкор этилиши юзасидан жиноий иш очди. Бу ҳақда 10 апрель, душанба куни Financial Times расмийларга таяниб ёзмоқда. Шу билан бирга, шу манбаларнинг хабар беришича, ҳужжатлар «асосан ҳақиқийдир».
Аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотлар сизиб чиқишини текшираётгани хабар қилинганди. Бундан ташқари, Пентагон АҚШнинг интернетда пайдо бўлган махфий ҳужжатлари, жумладан, Украинадаги уруш билан боғлиқ ҳужжатлар мамлакат миллий хавфсизлигига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини баҳоламоқда. Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх бу ҳужжатларда махфий ва ўта махфий маълумотлар бўлиши мумкинлигини айтган.
Махфий деб айтилган ҳужжатлар март ойи бошида интернетдаги турли форумларда пайдо бўла бошлади ва дастлаб унчалик эътиборни тортмади. Бироқ, кейинчалик маълум бўлишича, улардан Россия ва Украина армиясининг аҳволи ва хусусан, Украинанинг бўлажак қарши ҳужумига қониқарсиз тайёргарлик ҳақида хулоса чиқариш мумкин бўлган.











