АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотига кўра, навбатдаги ҳаво ҳужумлари 20 июл куни маҳаллий вақт билан соат 02:30 да бошланган. АҚШ томонининг таъкидлашича, зарбалардан кўзланган асосий мақсад Эроннинг ҳарбий имкониятларини янада чеклаш ҳамда Ҳўрмуз бўғозида савдо кемалари ва фуқаролик денгизчиларига таҳдид солаётган кучларни заифлаштиришдан иборат.
Бунга жавобан Эрон Кувайт ва Баҳрайнда жойлашган АҚШ ҳарбий объектларига зарбалар бермоқда. Шу билан бирга, мамлакатнинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ҳам ҳарбий операцияларни давом эттираётганини маълум қилди.
Трамп: «Бу ҳалок бўлган ҳарбийларимиз учун жавоб»
АҚШ президенти Доналд Трамп футбол бўйича жаҳон чемпионати финалидан кейин Вашингтонга қайтиш чоғида журналистларга берган баёнотида янги ҳужумларни америкалик ҳарбийларнинг ҳалок бўлишига жавоб сифатида баҳолади.
«Бу кеча биз уларга жуда кучли зарба бердик. Буни ҳалок бўлган аскарларимиз хотираси учун амалга оширдик», — деди Трамп.
CENTCOM маълумотига кўра, Яқин Шарқдаги сўнгги ҳарбий можаро бошланганидан бери АҚШнинг яна уч нафар ҳарбийси ҳалок бўлган. Шу тариқа, Эрон билан уруш бошланганидан буён ҳалок бўлган америкалик ҳарбийлар сони 17 нафарга етган.
Ҳўрмуз бўғозида денгиз қатнови секинлашди
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси 20 июлга ўтар кечаси Ҳўрмуз бўғози яқинида икки нефт танкерини ушлаб қолганини маълум қилди. Эроннинг «Тасним» агентлиги тарқатган хабарга кўра, мазкур кемалар бўғозга ноқонуний кириш ёки уни жанубий йўналиш орқали тарк этишга уринган. Шунингдек, агентлик маълумотида танкерларда портлаш содир бўлгани қайд этилган.
Ҳарбий кескинлик ортидан Ҳўрмуз бўғози орқали денгиз қатнови ҳам сезиларли даражада камайган. Лондон фонд биржаси маълумотларига кўра, 19 июл куни бўғоз орқали атиги тўртта кема ўтган бўлса, 18 июл куни уларнинг сони саккизтани ташкил этган.
Газ етказиб бериш ҳозирча барқарор
S&P Global таҳлил компанияси маълумотига кўра, Ҳўрмуз бўғозидаги узилишларга қарамай, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларида суюлтирилган табиий газ (LNG) ишлаб чиқариш ҳозирча нисбатан барқарор сақланиб қолмоқда.
Бироқ бўғоз орқали ҳаракат чеклангани сабабли Форс кўрфазида навбат кутаётган LNG танкерлари сони ошиб бормоқда. Компания ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги вақтда минтақада умумий сиғими қарийб 1,9 миллион тонна бўлган суюлтирилган газ ортган танкерлар тўпланган.












