Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу тасвирлар танқид, сатира ва ҳажвларга сабаб бўлди. Чунки кўпчиликнинг эсида ҳамон Туркиядаги вайронкор зилзилалар оқибатлари сақланиб турибди. Кўпгина изоҳларда ҳам ушбу ёриқнинг пайдо бўлишига сифатсиз қурилиш сабаб қилиб кўрсатилди.
Шахсан ўзим ушбу хабар чиқиши ҳамоно Twitter’да бу антисейсмик чок эканини айтиб, асло қўрқинчли нарса эмаслигини ёзган эдим.
Ёриқ университетнинг янги ва эски биноларини туташтириб турувчи девор сувоғида пайдо бўлган. ЎзЖОКУ бу борада расмий муносабат ҳам билдирди.
«Ушбу 2 см ёриқ эски ва янги бино орасидаги чок бўлиб, университетнинг янги биносини қуриш вақтида юзага келган. Қурувчилар тилида бу иссиқ ва совуқ таъсирида доимий ҳаракатда бўлувчи икки бино орасидаги чокдир. Мутахассислар тилида бу «Температурный шов» дейилади. Бу ҳолатнинг бинонинг чўкишига алоқаси йўқ. Чунки эски ва янги биноларнинг пойдевори ҳам бир-биридан алоҳида», — дейилган расмий муносабатда.
ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа таҳририятимизга бу борада эълон қилинган хабар юзасидан эътироз билдириб, ёриқ антисейсмик чокда эмас, температура чокида пайдо бўлганини алоҳида таъкидлади.
Қурилиш соҳаси мутахассиси бўлмаган раҳбарни «сейсмик» сўзи чўчитиб юборган бўлиши табиий. Чунки ўз-ўзидан бу сўз зилзилага ишора беради ва ёриқ гўёки бинонинг зилзилабардошлигига рахна соладигандек. Аслида ундай эмас. Бу ёриқнинг ваҳима қиладиган жойи йўқ эди аслида. Шунчаки, бундай чоклар ҳеч қачон сувоқ қилинмаслиги керак. Хато шу ерда.
Хўш, икки бинони ажратиб турувчи чок нима деб аталади: антисейсмик чокми ёки температура чоки?
Аслида, бу девордаги ёриқ пайдо бўлган жой температура чоки эмас, антисейсмик чок дейилади. Чунки бинолар алоҳида иккита пойдеворда турибди.
Антисейсмик чоклар зилзила бўлиш эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларда қилинади. Тошкент шаҳри эса 9 баллгача зилзила рўй бериши эҳтимоли бўлган ҳудуд саналади. Бино қурилишида улар яхлит қилиб эмас, пойдеворидан бошлаб томигача бўлмаларга бўлиб қурилади — моҳиятан уларнинг ҳар бири мустақил бино ҳисобланади, гарчи ташқаридан қараганда яхлит бинодек кўринса-да. Зилзила чоғида ҳам биргаликда эмас, ҳар бир бўлма мустақил тебраниши учун.
























