Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонунни имзолади.

Қонун муаллифлари Kun.uz'га ундаги асосий янгиликлар ва бу ўзгаришларнинг муҳимлиги ҳақидаги шарҳни тақдим этди.

Болаларга қарши жинсий жиноятлар

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги йилларда вояга етмаганлар ҳамда хотин-қизларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар сони ортиб бормоқда.

Хусусан, 16 ёшга тўлмаган бола билан жинсий алоқа қилишда айбли деб топилганлар сони 2019 йилда 99 нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 153 нафар, 2021 йилда 216 нафар, 2022 йилда 238 нафарни ташкил этган.

14 ёшга тўлмаган бола билан зўрлик ишлатиб, жинсий алоқага киришиш жиноятини содир этганлар сони эса 2019 йилда 52 нафар, 2020 йилда 35 нафар, 2021 йилда 57 нафар, 2022 йилда эса 73 нафарни ташкил этган.

Амалдаги қонунга кўра, 16 ёшга тўлмаган шахс билан унинг розилиги асосида жинсий алоқага киришган айбланувчи жабрланувчининг ёшини билмаганини баҳона қилиб, енгилроқ модда билан жавобгарликка тортилиши мумкин эди.

Янги қонунда бундай шахсларнинг жавобгарлигининг муқаррарлиги таъминланиб, айбланувчи жабрланувчининг ёшини билган-билмаганидан қатъи назар жиноий жазога тортилади. Яъни 14, 16 ёки 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахснинг қилмиши, у жабрланувчининг ёшидан хабардор бўлган-бўлмаганидан қатъи назар, жабрланувчининг ҳақиқий ёшидан келиб чиқиб баҳоланиши ва мутаносиб оғир жазо белгиланиши назарда тутилмоқда.

Янги қонун билан, жинсий жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси бир поғонага орттирилиб, илгари унча оғир бўлмаган турдаги жиноятлар, оғир жиноятлар туркумига, оғир жиноятлар эса ўта оғир жиноятлар туркумига киритилди.

Болаларнинг жинсий эркинликларига қарши содир этилган жиноятлар тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятларга тенглаштирилиб, уларни содир этган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари қўлланилмаслиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки ахлоқи учун хавфли бўлган жиноятларни содир этган шахсларнинг ягона реестри тузилиб, ушбу реестрга кирган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланмоқда.